Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов “Tashkent city”даги Congress Hall'да бўлиб ўтаётган «Тошкентнинг маданий ва туристик қиёфаси – 2030» мавзусидаги очиқ мулоқотда иштирокчиларнинг кўплаб саволларига жавоб берди. Бу ҳақда xs.uz хабар бермоқда.
Хусусан, "Саидакбархон Акбаров 23 ёшида Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланганди. Бу тайинлов ёшлар учун мотивация бўлган эди. Унинг бу лавозимдан кетишининг сабаби нимада?" саволига ҳам ойдинлик киритди.
"Бу йигитимиз ишга жуда яхши киришди. Бу жуда катта лавозим ва катта масъулият талаб қилади. Бунақа лавозимда ишлаган одам бутун вақтини ишга бағишлаши керак. У ҳали дипломга эга эмаслиги учун ўзи бу лавозимдан кетишини айтди. Диплом олиши кераклигини ва ўзини бизнесда синамоқчи эканини айтиб, қўйиб юборишимизни сўради.
Ташкилот раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаш учун жуда катта тажриба керак. Саидакбар учун бу тажриба бўлди. Биз унга қўлдан келганча ёрдам бердик. Аммо унинг ўзи бу лавозимдан кетишни сўради".






