АсосийJamiyat

Самарқандда бир ҳоким ўринбосарига "ҳайфсан" берилди, бири эса ишдан олинди. Сабаби...

'Самарқандда бир ҳоким ўринбосарига "ҳайфсан" берилди, бири эса ишдан олинди. Сабаби...'ning rasmi

Вилоят ҳокимлигида шаҳар ва туманаларда қурилган уй-жойларнинг уй эгаларига топширилиши ҳолати, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.  

Тасдиқланган дастурга асосан жорий йилда “Қишлоқ қурилиш инвест” ҳамда “Ўзшаҳарқурилиш инвест” корхоналари томонидан вилоят бўйича жами 2414 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган. Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи ушбу уй жойларни фойдаланишга топшириш ҳолатини ўрганганида жойларда қурилиш меъёрлари ва сифат талабларининг бузилиши, уйларнинг фойдаланишга қабул қилиш далолатномалари расмийлаштирилмаганлиги аниқланган.  Жумладан Самарқанд шаҳридаги 3 та 5 қаватли (90 хонадонли) турар жой қурилиш ишлари якунланмаган. Оқова сув чиқиш йўли мавжуд эмас, уйлар табиий газ тармоғига уланмаган. Жомбой туманида эса уйларнинг қурилишида меъёрдан ортиқ миқдорда синиқ ғиштлардан фойдаланилган. Паст Дарғом туманида уйларнинг ташқи электр таъминоти  бўйича лойиҳалар мавжуд эмас, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини барпо этишда қурилиш меёрларига амал қилинмаган. Қувурлар оддий симлар, арматура ва қувур бўлаклари билан мустаҳкамланган.  

Нарпай туманида кўп қаватли уйларга кириш эшиклари сифатсиз тарзда ўрнатилган, ичимлик сув тармоғига уланмаган, айрим хонадонларда пол қопламалари аллақачон қўпорилган.  

Қўшработда эса қурилиш монтаж ишлари кўнгилдагидек олиб борилмаган. Иситиш тизими ҳам номига ўрнатилган.  

Вилоят ҳокими ва соҳа мутасаддилари иштирокида ҳар бир ҳолат атрофлича муҳокама этилиб, масъуллар қатъий огоҳлантирилди. Жомбой туман ҳокимининг соҳага масъул ўринбосари “ҳайфсан” интизомий чораси билан жазоланди ҳамда Булунғур туман ҳокимининг қурилиш соҳасига масъул ўринбосари эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

    Бошқа янгиликлар