Бугун АОКА пресс-холида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бошқарма бошлиғи Фаррух Мадаминов иштирокида ўтказилган брифингда соҳага доир муҳим масалалар юзасидан маълумот берилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида истеъмолчиларнинг 20 844 та мурожаатлари кўриб чиқилган, ушбу мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишларда 4 млн.га яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланган ва истеъмолчиларга 52 млрд. сўм миқдоридаги зарарни қайтариш юзасидан қарорлар қабул қилинган.
Таҳлиллар истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларнинг 52 фоизи коммунал, қурилиш ва транспорт хизматларига оид, 21 фоизи савдо, 12 фоизи алоқа, банк-молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 15 фоизи реклама ва бошқа масалаларга тўғри келишини кўрсатмоқда.
Келиб тушаётган мурожаатлар асосида истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 10 дан ортиқ соҳаларда ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан 210 та иш қўзғатилди ва қонунбузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва бартараф этиш бўйича 190 та кўрсатма берилди.
28 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилди.
Ички бозорларда сифатсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарлар сотилишини аниқлаш мақсадида, ўтказилган 10 та назорат хариди тадбирларида намуна сифатида олинган 79 номдаги маҳсулотнинг экспертизасида 26 та маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига мос эмаслиги аниқланган ва тегишли чора кўриш учун ваколатли органларга (“Ўзстандарт” агентлиги ва Санитария эмидемиология хизмати) юборилган.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг истеъмол маданияти ва ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган 300 та турли тадбирлар ташкил қилинди.
Оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Агентликнинг comsumer.uz сайтида турли мавзуларда 3,5 мингта материал ва ҳуқуқий ахборот жойлаштирилди.
Карантин даврида аҳоли учун муҳим бўлган 40 та йўналиш ва мавзуларда ҳуқуқий тушунтириш ва электрон ахборотлар берилди.
35 турдаги озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотлари, 90 турдаги дори воситалари чакана нархлари юзасидан кунлик мониторинг ўтказилди.
COVID-19 вирусли инфекциясини даволаш ва профилактика қилишга мўлжалланган дори воситалари нархини оширмаслик юзасидан 7,5 мингта дорихонага расмий огоҳлантириш хатлари берилди.
Келиб тушган ахборот ва мониторинг натижаларига асосан 165 та дорихонада текшириш ва ўрганишлар ўтказилди.
Натижада белгиланган устамаларга риоя этилмаслиги натижасида истеъмолчиларга етказилган 20 млн сўм зарар қайтарилди ҳамда 42 та ҳолат бўйича ҳужжатлар лицензияловчи органга юборилди.
Дори-дармон нархлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида телеграмм тармоғида ишловчи @dorinarx_bot махсус ахборот тизими ишга туширилди.
Истеъмолчиларнинг дори воситалари нархи билан боғлиқ масалалардаги 750 та мурожаати кўриб чиқилди.
3 та соҳада, хусусан савдо, транспорт ва алоқа хизматлари кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг ҳолати қониқарлилиги юзасидан 10 мингта иштирокчи ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказилди. Сўровнома натижалари бўйича тахлилий маълумотлар ва таклифлар Вазирлар Маҳкамаси ва мутасадди идораларга киритилди.
5 та вилоятда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояланганлик даражаси таҳлил қилинди ва баҳоланди. https://aoka.uz/article/ylb4uqyxu86h-istemolchilarga-52-mlrd-sm-midoridagi-zararni-ajtarish-zasidan-arorlar-abul-ilingan






