АсосийJamiyat

Веб-сайт эгалари ва блогерларга қонунга зид ахборот бўйича хабарнома юбориш тартиби жорий қилинди

'Веб-сайт эгалари ва блогерларга қонунга зид ахборот бўйича хабарнома юбориш тартиби жорий қилинди'ning rasmi

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мамлакатда сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш йўлидаги энг долзарб масалалардан бири — соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий ҳужжатларни замон талабларига мослаштириш борасидаги ишларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълум қилди.

2020 йил 23 декабрь куни “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига қатор қўшимчалар киритилди. Бу эса ахборот соҳасидаги мавжуд бир қатор муносабатларни тартибга солиши билан аҳамиятлидир.

Жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган қонун ҳужжатларини бузилиши ҳолатларида ваколатли орган ушбу веб-ресурслардан фойдаланишни чеклаши мумкин. Бироқ веб-сайт эгаси ёки блогерлар ўз саҳифаларига жойлаштирган ахборотга ёзилаётган шарҳларда қонунбузилиш ҳолати юз бергани тўғрисида, дастлаб ушбу қонунга зид шарҳларни ўчириб ташлаш бўйича ахборот эгаси ёки блогерга тегишли хабарнома бериш зарурлиги инобатга олинмаган эди.

Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқни тўлдириш мақсадида Агентлик қатор оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларнинг фикр-мулоҳазаларини, таклифларини эшитди, очиқ мулоқот ҳамда муҳокамалар ташкил этди. Натижада фойдаланувчилар томонидан билдирилаётган шарҳлар сони кўпайиб бораётганлиги сабабли қонунга зид ёзилган шарҳларни мунтазам аниқлаб бориш ҳамда ўчириш имконияти мавжуд эмаслиги, бу жараён эса кўп вақт талаб этиши маълум бўлди.

Эндиликда, АОКА томонидан интернет тармоғининг ўзбек сегментида қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи ахборотлар, шарҳлар мунтазам аниқлаб борилади ва уларни 24 соат ичида бартараф этиш бўйича  веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга электрон хабарномалар юборилади.

Веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогер хабарнома олинган вақтдан бошлаб, 24 соат ичида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташламаса, Агентлик қонунга зид ахборотни олиб ташлаш бўйича судга даъво ариза киритиши мумкин бўлади.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ОАВ ҳамда блогерларнинг интернет тармоғида сифатли ва холис фаолият кўрсатишига кўмаклашади. Чунки журналист ва блогерлар обуначилар қолдирган қонунга зид шарҳлар ҳақида хабардор этилиши юзага келиши мумкин бўлган кўплаб тушунмовчиликлар, ноҳақ жавобгарликка тортилишнинг олдини олади.

    Бошқа янгиликлар