АсосийJamiyat

Коронавирусга қарши курашишда фидойилик кўрсатган тиббиёт ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди

'Коронавирусга қарши курашишда фидойилик кўрсатган тиббиёт ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида 2020 йил давомида тиббиёт ходимларига Президентимизнинг тегишли Фармонлари билан берилган давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги  Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Лазиз Тўйчиев, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев ҳамда соҳа мутасадди раҳбарлар иштирок этди.  

Маросимда таъкидланганидек, якунланаётган 2020 йил коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган пандемия шароити туфайли бутун инсоният, хусусан, халқимиз учун оғир, синовли йил бўлди. Айниқса, аҳоли саломатлигини таъминлашга масъул бўлган соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, шифокор ва ҳамшираларимиз, санитария вакиллари фидойиллик, касби ва қасамёдига садоқат кўрсатиши, машаққатли меҳнат қилиши талаб қилинди. Юртимиздаги барча тиббиёт ходимлари ушбу чорловга лаббай деб жавоб бериб, ҳеч иккиланмасдан ўз ҳаёти, жонидан кечиб, яқинлари, оила-аъзолари ҳаётини таҳликага қўйиб вирусга қарши мардонавор курашга, халқ дардига малҳам бўлишга чоғланишди.

Ушбу оғир даврларда ўз фидойилиги, машаққатли меҳнат билан намуна кўрсатган турли соҳа ходимлари муносиб рағбатлантирилди. Улар орасида тиббиёт ходимлар энг салмоқли  ўрин эгаллагани қайд этилди.

— Ҳар қандай мукофот – бу аввало, эл-юрт, Ватан эътирофи, халқ ишончидир, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев. — Мен бугун мукофотланганларнинг ҳар бирини яна бир бор муборакбод этиб, уларга Президентимиз, халқ ишонч билдирганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Сўнгги тўрт йил ичида соғлиқни сақлаш тизимига эътибор ва ғамхўрлик юқори даражага етди. Биз ушбу мукофотларни, аввало, Президентимизнинг илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга кўтариш йўлида ўзини аямасдан меҳнат қилаётган, шифокор деган юксак номга ҳар томонлама муносиб бўлган фидоий инсонларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатига доимий эътибор ва ғамхўрлигининг яна бир амалий ифодаси сифатида қабул қиламиз.

Маълумот учун жорий йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23 июлдаги “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2020 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган тиббиёт соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан 357 нафар фидойи фуқароларимиз тақдирланди.  

Улар орасида 269 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият  юритаётган тиббиёт соҳаси мутахассисларидир. Жумладан, мукофотланганлар орасида 200 нафари шифокор, 69 нафари эса ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ҳисобланади.

Шунингдек, тадбирда ўтиб бораётган йил нафақат тиббиёт ходимлари учун оғир кечгани, шу билан бирга, ривожланиш, ислоҳот ва ўзгаришлар йили бўлгани ҳақида сўз борди. Ушбу даврда паралелл равишда тиббиёт соҳаси ислоҳотлари, замонавий тиббий иншоотларни бунёд этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилди. Жумладан, шу йилнинг ўзида 200 га яқин тиббиёт муассасаси бунёд этилди.  

Улар орасида пойтахтимизда қад ростлаган қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган Болалар миллий тиббиёт маркази, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Чилонзор туманида қурилган Иккинчи перинатал маркази каби замонавий тиббиёт муассасаларига алоҳида урғу берилди.  

Тадбир сўнггида Президентимиз Фармонига кўра берилган Давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди.  

 

    Бошқа янгиликлар