АсосийJamiyat

ССВ аҳолидан "тез ёрдам"ни асоссиз чақириб, бошқа беморнинг ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўрамоқда

'ССВ аҳолидан "тез ёрдам"ни асоссиз чақириб, бошқа беморнинг ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўрамоқда'ning rasmi

ССВ берган маълумотларга қараганда, ўтган йили “103” хизматига сурункали касалликлари бўлган беморлардан 573 мингдан ортиқ мурожаатлар тушган бўлса, бу йилнинг 11 ойи давомида 832 минг нафарга яқин шу тоифадаги чақириқларга хизмат кўрсатилган.

Кундалик ҳаётимизда у ёки бу сурункали касаллиги бор беморлар гоҳ қон босимини ўлчатиш, гоҳида эса қайсидир уколни қилдириш учун ҳам “тез ёрдам”ни чақириш ҳолатларини кўп учратамиз.

Аслида, сурункали касалликлари бўлган беморлар ўзлари яшаб турган ҳудудларидаги  оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктига мурожаат этиб, шифокор тавсияси асосида муолажаларни узлуксиз тарзда тўғри олиб борса, аввало, ўз соғлиғи учун фойдали бўлади.  

Чунки тез тиббий ёрдам ходимларининг қўлида поликлиникада бор бўлган лаборатор таҳлиллар  ва инструментал жиҳозлар мавжуд бўлмагани учун улар чақириқ давомида чуқур таҳлил ўтказиши ва даволаши имконсиз.  

Шу сабабли улар беморни даволамайди, балки юзага келган ҳолат бўйича шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатади, яъни фақат симптоматик даво чораларини кўради.  

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2019 йилда “103” хизматига тушган мурожаатларнинг 95 мингдан зиёди, 2020 йилда 133 мингга яқини тез ёрдам ходимлари томонидан натижасиз чақириқлар, деб баҳоланган.  

Бу “103” хизмати ходимлари  келгунига қадар ўлим ҳолати содир бўлгани ёки бемор “тез ёрдам” келишини кутмай йўловчи транспортда олиб кетилгани, ёлғон чақириқ, манзил топилмагани, тез тиббий ёрдам рад этилган каби қатор вазиятлар билан боғлиқдир.  

Яна бир ҳолат. Юртимиз бўйича йилига чақириқларнинг ўртача  15 фоизи госпитализация, яъни бемор шифохонага олиб борилиши, 85 фоиз ҳолатда эса жойида хизмат кўрсатилиши ҳам “тез ёрдам” чақирадиганларнинг аксарияти аслида “103” ёрдамига муҳтож эмаслигини англатади. Агар халқаро тажрибага назар солсак, масалан, Европа мамлакатларидаги чақириқларнинг аксарият қисмида бемор госпитализация қилинади.

Афсуски, “103” хизматига ёлғон қўнғироқлар келиши ҳамон давом этмоқда. Энг ачинарлиси, бундай вазият оддий чақириқдан кўра кўпроқ вақт ва меҳнат талаб қилади. Устига устак, шифокор ҳам, тиббий ёрдам машинаси ҳам узоқ вақт банд бўлиб қолади.  

Чунки тез тиббий ёрдам ходимлари қилинган мурожаатни ҳақиқатан ҳам ёлғон эканлигини исботлаш мақсадида чақириқда кўрсатилган манзилни аниқлаши, бу учун эса куннинг қайси вақти бўлишидан қатъий назар сўраб-суриштириши, ўрганиши ва шундан сўнггина уни ҳужжатлаштириши керак бўлади.  

Бу эса нафақат “тез ёрдам” ходимларининг вақтини олади, балки қатор “103” кўмагига муҳтож беморларнинг кутиб қолишига, ҳатто уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни  қийинлаштиришга ҳам сабаб бўлиши мумкин", дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

    Бошқа янгиликлар