Бу ҳафта Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари сибир антициклони периферияси таъсири остида бўлади, у Россиянинг Уралдан Охота денгизигача булган кенг ҳудудини ўз ичига қамраб олади.
Ушбу антициклоннинг периферияси Қозоғистон орқали бизнинг ҳудудимизга кириб келади.
Шу муносабат билан декабрь ойининг охирги кунлари ва январь ойининг биринчи кунлари республика бўйича совуқ ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Албатта, бизнинг мамлакатимизда Сибир ва шимолий Қозоғистон ҳудудларидаги каби совуқ кутилмайди, лекин меъёрдан 4-7 даражага паст бўлган ҳарорат ҳафта давомида сақланиб туради.
Сўнгги йилларда энг қорли кун 2007 йилнинг биринчи куни бўлган. Қор Янги йил арафасида бошланиб, 1 январда бутун кун давомида ёғишда давом этди. Бу ҳақиқий Янги йил эртаги бўлди.
Охирги марта Янги йил байрамида қор 2013 йил 1 январь кунида ёғган эди.
Тошкентда 1889 йилнинг Янги йил кечасида метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳарорат 28 даржа совуқ кузатилган.
Охирги 50 йил ичида Тошкентда бундай паст ҳарорат кузатилмаган ва бу даврда энг совуқ 1991 йил 1 январга ўтар кечаси бўлиб, Тошкентда ҳарорат 13 даража совуққача пасайган.
Энг иссиқ Янги йил байрамлари 2009 йилдан 2010 йилга ва 2015 йилдан 2016 йилга ўтишда кузатилган, бунда кундузги ҳарорат 31 декабрда ва 1 январда 18-19 даража иссиқ бўлган.
Якшанба куни 27 декабрда ёғиб ўтган қор бу йилги сўнгги қор эди, Ўзбекистон аҳолиси Янги йилни қорсиз кутиб оладилар.






