Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Гебрейесус 2020 йилда инсоният дуч келган коронавирус пандемияси инсоният учун сўнггиси эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Гебрейесус 27 декабрь Халқаро эпидемияга қарши кураш кунига бағишланган видеомурожаатида айтиб ўтган:
«Ҳозирги пандемия охиргиси бўлмайди. Эпидемия - бу факт. Aммо пандемия даврида соғлиқни сақлашга ҳукуматларнинг, бутун инсониятнинг кўмаги, соғлиқни сақлаш масалаларига қаратилган алоҳида эътибор келажак авлодимизга хавфсизроқ ва талофатсизроқ ҳаёт мерос қолдиришимизга ҳисса қўшди”.
Гебрейесус келажакда пандемиядан жамият ва иқтисодиётга салбий таъсирини минималлаштириш бўйича маслаҳатлар берди.
«Барча мамлакатлар ҳар қандай фавқулодда вазиятларни кузатиб бориши ва уларнинг оқибатларини юмшатиш дастурларига маблағ киритиши керак. Бирламчи тиббий ёрдам айниқса муҳимдир », - дейди ЖССТ Бош директори.
Унинг фикрига кўра, соғлиқни сақлаш тизимларига урғу бериш ҳукумат ва жамият ишини мувофиқлаштириш демакдир.
“Пандемия сайёрамиздаги одамлар ва ҳайвонлар соғлиғи ўртасида боғлиқлик борлигини яна бир бор исботлади. Aгар одамлар ёввойи табиат ва иқлимга бўлаётган таҳдидларни бартараф этмаса, ҳар қандай ҳаракатларимиз муваффақиятсизликка учрайди ", - дея қўшимча қилди у.






