Термиз шаҳар ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятига Президент ташрифи кутилаётгани, мутасаддилар Президентни алдаш учун турли ишлар қилаётганига мисол қилиб, янги қурилган кўп қаватли уйларда кондиционер расми чизилган фостерларни деворга ёпиштирилгани айтиб ўтилган видео лавҳа юзасидан расмий баёнот берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони бўйича "Шаҳар-қурилишинвест" ИК МЧЖ буюртмачилигида Термиз шаҳрида жами 47,1 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан 4 та 7 қаватли 168 хонадонли арзонлаштирилган уй-жой бинолари қурилиши белгиланган.
Мазкур 4 та 7 қаватли 168 хонадонли уй-жойларнинг қурилиш ишларини олиб бориш учун шаҳарнинг “Боғишамол” маҳалласи “Фаровон” массиви ҳудудидан ер майдони ажратилиб, бош пудратчилар "Саодатбону Азиза Термиз" Х/К, "Термиз Таъминот" СКТХК қурилиш ташкилотлари бириктирилган.
Ҳозирги кунда 4 та 7 қаватли турар-жой биноларининг фойдаланишга топширилишга тайёр ҳолатга келтирилган, атрофида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ташқи коммуникация тармоқларига улаш ишлари биргаликда олиб борилмоқда, видео мурожаатда келтирилган ушбу кўп қаватли турар-жой биноларига кондиционерларни расми чизилган фостерлар деворга ёпиштирилганлиги сабаби ушбу кўп қаватли турар-жой биноларининг лойиҳа смета ҳужжатларида кондиционерлар ўрнатиш киритилмаганлиги боис кўп қаватли уй-жойлардаги хонадон эгалари томонидан хоҳлаган жойларига кондиционерлар ўрнатиб ташламасликлари ҳамда кўп қаватли турар-жой биносининг ташқи фасад қисмини хунук ҳолатга келтириб ташламасликлари учун турар-жой биноларининг ташқи фасад қисмига кондиционерларни расми чизилган фостерлар деворларга ёпиштириб қўйилганлигини маълум қиламиз, дейилади расмий муносабатда.






