Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 2020 йилда мамлакатда камбағалликни камайтириш борасида бажарилган ишлар ҳақида гапирди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири бу жараёнда «Темир дафтар» муҳим ўрин тутганини қайд этган.
«Камбағалликни қисқартириш бўйича 2020 йилда кўп ишлар қилинди. Бизнинг энг катта натижамиз деб шуни айтиш мумкинки, пандемия даврида олиб борилган ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий сиёсат мамлакатда камбағалликни кўпайишига олиб келмади. Қашшоқликни келтириб чиқармади. Аҳолининг бирорта қатлами қашшоқликка тушмади. Нима ҳисобига бу кўрсаткичларга эришилди?
Биринчи навбатда, 2020 йилнинг январ ойида бюджет маблағларидан ижтимоий нафақа олган оилалар сони 600 мингта эди. Декабр ойида эса 1 млн 200 минг оилага ижтимоий нафақалар берилди. Мисол учун, «Темир дафтар» деймиз. Ҳайит байрамида, болалар мактабга бориши арафасида ва бошқа вақтларда мазкур тизим орқали аҳолига манзилли ёрдам кўрсатилди.
Унинг бир маъноси шундаки, у жуда ҳам кенг қамровли. Бунда фақатгина пул ёки озиқ-овқат билан ёрдам беришгина назарда тутилмаган. «Темир дафтар» биринчи навбатда кам таъминланган аҳолини ишга жойлаштиришни назарда тутади.
Бир сўз билан айтганда, «Темир дафтар» пандемия даврида халқимизнинг қийналиб қолмаслиги учун энг катта хизмат кўрсатган дастак ва йўналиш бўлди, деб айтиш мумкин», деган Бош вазир ўринбосари.
29 декабр куни бўлиб ўтган Ўзбекистон президентининг парламентга мурожаатида ҳам «Темир дафтар» масаласига алоҳида урғу берилди.
«Нима учун биз «Темир дафтар»ни жорий этдик? Бундан мақсад – эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш. Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашимиз лозим. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда» дея таъкидлаган давлат раҳбари.
Президент мурожаатида маълум қилинишича, 2021 йилдан бошлаб «Темир дафтар» тизими янги босқичга кўтарилади. Яъни «Ижтимоий реестр»га қамраб олинган барча эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.






