Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А. Ортиқов Президент Фармони ижросини бажаришда ҳудудларда йўл қўйилган қатор камчиликларни санаб ўтди. Бу ҳақда Агентлик ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, бўш турган объектлардан самарали фойдаланишда камчиликларга йўл қўйилгани, паст рентабелли, фаолиятсиз корхоналарни тугатиш ишлари якунига етказилмагани, давлат мулки объектлари тўғрисидаги ҳисоботларни тизимга киритиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, хусусийлаштириш дастури доирасида давлат мулки объектлари ўз вақтида савдога чиқарилмагани каби камчиликлар санаб ўтилган.
Ўзига юклатилган вазифаларни бажармай, фаолиятида ўзи бўларчилик ва сансалорликка йўл қўйган агентликнинг Наманган, Андижон, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларига нолойиқ деб топилиб, вазифаларидан озод этилди.
Агентликнинг Хоразм, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари раҳбарларига ишдаги камчиликлар учун ҳайфсан эълон қилинди.






