Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси Ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 20 июлидан 5 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс томонидан Қоракўл тумани Хўжалар маҳалласи Улуғбек кўчасида жойлашган “Қоракўл халқаро мактаби” биноси ҳудудида ўғрилик содир этган. Мактабда қурилиш ишларини олиб бораётган “Шарқ плюс” МЧЖ томонидан олиб келинган жами баҳоси 48 млн 160 минг сўмлик 56 дона (860 та қовурға) АКФА иситиш батареяларини яширин равишда талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан МЧЖ раҳбарининг мурожаати асосида Қоракўл тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Олиб борилган тезкор суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни туманнинг Тожикент маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро Қ.М., Олот тумани Ёшботир маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро А.Қ. ва туман Чандир маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаро Г.Б. лар олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб содир қилганликлари аниқланган. Натижада мазкур ҳолат бўйича фуқаролар ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирги кунда туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят ишида гумон қилинувчи фуқаролар Қ.М., А.Қ. ва Г.Б.ларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бухоро вилоятидан Зарифжон Зокиржон ўғли тайёрлади






