Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов ва бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Нукус шаҳридаги 10-сонли кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчиларини Янги йил байрами арафасида табриклади.
Меҳр ва саховат инсоннинг кўрки, зийнати ҳам. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон заминида бир тану, бир жон бўлиб яшаб келаётган турли миллат ва элат вакиллари меҳр-саховатни азалдан қадрлаб, инсонийликнинг энг олий фазилати деб билади, уни юксак эъзозлайди.
Жисмоний имконияти чекланган ва кўриш қобилиятида нуқсони бор болалар тарбияланаётган ушбу мактаб-интернатида Нукус гарнизони ҳарбий хизматчилари билан турли мавзуларда учрашувлар ўтказилиши анъанага айланган.
Мактаби-интернати 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, унда хозирда 140 нафар ўғил болалар ва 100 нафар қизлар, жами 240 нафар болалар тарбияланиб келмоқда. Уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши мақсадида ҳамда амалий ёрдам бериш учун таълим муассасасида жонкуяр ва фидойи 90 нафар ўқитувчи ва 72 нафар тарбиячи фаолият юритади.
Қувончга тўла тадбир давомида қўмондоннинг болажонларга йўллаган байрам табриги, дил изҳорлари, албатта, тарбияланувчиларда мана шундай кўкси қалқондек мард ва жасур акалари борлигидан фахр ва ғурур туйғусини янада шакллантиришга хизмат қилади.
“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида ҳарбий санъат усталарининг байрамона концерт дастури намойиш этилди.
Болажонларнинг энг севимли Янги йил байрами қаҳрамонлари – Қорбобо ва Қорқизнинг кириб келиши, тарбияланувчиларнинг қувончига янада қувонч бағишлади.
Эртак қаҳрамонлари ва барча йиғилганларга эзгу тилакларини, Янги йил ҳақида шеърларини эҳтирос билан айтган болажонлар Қорбобонинг байрам совғалари билан сийланди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларнинг қалбини илиқ таассуротлар билан тўлдириб, яқинлашиб келаётган байрам қувончини янада жўш урдирди.






