«Пахтакор» ва «Локомотив» клубларида янги мураббийлар иш бошлайди...ми?! Шу ва бошқа янгиликлар ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабарида фикр юритилди.
Пандемия шароитида анча мураккаб кечган футбол бўйича 2020 йилги мавсум якунланганига ҳеч қанча бўлмасдан, мамлакатимиз клублари янги 2021 йилги мавсум тадоригини бошлаш арафасида туришибди. Эртадан суперлиганинг бир қанча клублари мавсумолди тайёргарлик машғулотларини бошлаб юборишади.
Мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Пахтакор» жиддий ўзгаришлар остонасида турибди, десак муболаға бўлмайди. Клуб бош мураббийи Шота Арвеладзе ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали расман жамоа ва унинг мухлислари билан хайрлашди. Бироқ, клуб расмий сайтида ҳалигача бу ҳақда бирон маълумот берилгани йўқ. Баъзи маълумотларга қараганда, «Пахтакор» клуби раҳбарияти грузиялик мутахассисни ортга қайтариш борасида музокаралар олиб бормоқда. Агарда келишув амалга ошмайдиган бўлса, у ҳолда жамоани катта эҳтимол билан яна хорижлик мутахассис бошқаради.
Таркибда ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлади. Жумладан, жамоа етакчиси Жалолиддин Машарипов ҳозирда БААда ҳордиқ чиқармоқда ва унинг «Ал-Насср» (Саудия Арабистони) клуби билан шартнома имзолаши тобора ойдинлашиб қолди. Шунингдек, Игор Сергеев ҳамда Достон Ҳамдамовлар ҳам ўзини хорижда синаб кўриш истагида эканлиги маълум. Жавоҳир Сиддиқов эса келгуси фаолиятини Тошкентнинг бошқа бир жамоаси «Локомотив» сафида давом эттирадиганга ўхшамоқда. Қолаверса, тажрибали Садриддин Абдуллаевнинг ҳам «Пахтакор» билан шартномаси якунига етган ва томонлар уни узайтириш борасида ҳеч қандай музокараларга киришгани йўқ.
«Локомотив» клуби бош директорининг ўринбосари Тўлабек Акромов ўзининг твиттердаги саҳифасида «темирйўлчилар» янги бош мураббий билан икки йиллик шартнома имзолашгани, бу ҳақдаги хабар яқин кунларда расман эълон қилинишини ёзган. Аммо, ҳозирда бирон бир маълумотни матбуотдан сир сақлаб бўлмайди. Гарчи клуб расман жамоани қайси мутахассис қабул қилиб олгани ҳақида ёзмаган бўлсада, «Локо» бошқарувини асли Германияда туғилган португалиялик мураббий ўз қўлига олаётганини футбол мухлислари аллақачон билиб олишди. Шунингдек, жамоа таркибини кучайтириш мақсадида селекция борасида ҳам жиддий ишлар амалга оширилмоқда. «Пахтакор» захирасида қолиб кетган истеъдодли футболчи Жавоҳир Сиддиқовнинг трансфери «Локомотив»ни сезиларли даражада кучайтириши мумкин.
Ва сўнгги кунларнинг энг шов-шувли воқеаси – катта футболдан беш йилга дисквалификация қилинган Илҳом Мўминжоновнинг «Нефтчи» клуби бошқарувига тайинланганидир. Аслида Мўминжонов Фарғонанинг «Нефтчи»сини ўз бошқарувига олиши анча олдин маълум бўлиб қолганди, фақат икки томон ўртасидаги келишувнинг оз эмас, кўп эмас, нақд 4 йил муддатга тузилгани чиндан ҳам ўзбек футболи учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Ахир клубларимиз тугул ҳатто терма жамоаларимизга тайинланган мураббийлар билан ҳам бу қадар узоқ муддатли келишув имзоланмасдида. Наҳотки клубларимиз дунё грандларидан андоза олишаётган бўлса. Истагимиз, охиригача шундай бўлсин!






