АОКАда ўтказилган брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилгани тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Шунингдек, Шерзод Аҳматонинг таъкидлашича, республика ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъий назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўладилар.
Хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари мобил қурилмалари IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюросига мурожаат қилади. Бунда дипломатик ваколатхоналар томонидан мобил қурилмалар дипломатик почта орқали олинмаган тақдирда аризага божхона юк декларацияси ёки божхона кирим ордери тақдим этилади.
Тизим оператори Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси берган аризага мувофиқ IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишни ариза олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида тўлов асосида амалга оширади.
Суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилган мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат ижрочиси томонидан анкета ва суд қарори нусхаси тизим операторига тақдим этилади.
Шунга кўра, тизим оператори мобил қурилмаларни ариза келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида рўйхатдан ўтказади.
Тизим оператори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ўртасида суд қарорига кўра давлат эгалигига ўтказилган мобил қурилмалар бўйича электрон ахборот алмашинуви амалга оширилади.
Мобил қурилмаларни IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш учун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар қурилма ишлаб чиқариш учун тегишли рухсатномаларни, шунингдек, ваколатли органларни маҳаллий ишлаб чиқарувчиси ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши керак.
Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет давлат фуқароси ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан мобил қурилмалар IMEI-кодларини тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга олинади.
Божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилади.
Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб киритилган мобил қурилмалар Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат этиш йўли билан, шунингдек, тизим операторининг сайти орқали, мос равишда почта идентификаторининг штрих коди, календарь штемпели бўлган конверт ва жўнатма олувчининг паспортини кўрсатган ҳолда амалга оширилади.
Жисмоний шахслар томонидан рўйхатга олиш учун кўрсатилган мобил қурилмалар олиб кирилган, шу жумладан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали келтирилган мобил қурилмалар сони жисмоний шахслар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган божхона чегараси орқали товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошмаслиги лозим.
Божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча қисми бўйича божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи божхона кирим ордери тақдим этилиши керак.
Жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар (сана, усул ва бошқа) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашиш орқали мурожаат этилган сана ва паспорт маълумотларини қайд этилган ҳолда текширилади.
Халқаро почта жўнатмалари маълумотлари текшируви “Ўзбекистон почтаси” АЖ, курьерлик жўнатмалари ва БКО бўйича маълумотлари текшируви Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан электрон ахборот алмашинуви орқали амалга оширилади.
Божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобил қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилади.






