Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Фарғона вилоятига ташрифи давомида Марғилон шаҳрида хорижий давлатлар таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш топшириғи берилган эди. Мутасадди идораларнинг топшириқ ижроси юзасидан олиб борган саъй-ҳаракатлари натижаси билан жорий йил Марғилонда 2 та янги хорижий университетлар филиаллари ташкил этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ғаниев Дониёр Aвазович ўз блогида хабар берди.
Хусусан, вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига бошланган шаҳардаги собиқ академик лицей биносини таъмирлаш ишлари ҳозирда 70-80 физга бажарилган. Ушбу бинода хорижий университет фаолиятини янги ўқув йилидан бошлаш мақсадида Туркиянинг Бурса Улудағ ҳамда АҚШнинг Webster университетлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Марғилон Туризм ва сервис коллежи негизида туризм соҳасидаги олий таълим муассасаси ташкил этиш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, коллеж биносини таъмирлаш ишлари 2019 йил 28-декабрдаги ПҚ-4936-сонли Президент қарори билан тасдиқланган 2021 йил марказлашган инвестиция дастурига киритилибди ҳамда унга кўра таъмирлаш ишлари учун 5 млрд.сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Жорий йил I чорагида қурилиш ишлари бошланиши кутилмоқда.
Мазкур бинода хорижий университет филиалини ташкил этиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Туркиянинг “Хожи Байрам Вали” университети билан дастлабки музокаралар ўтказилган ҳамда ҳар икки томон лойиҳани амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришган. Ҳозирда Туркия Олий таълим кенгашининг хулосаси кутилмоқда. Барча музокаралар ижобий якунланган тақдирда бу университет фаолияти ҳам 2021-2022 ўқув йилидан йўлга қўйилиши мумкин.