Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда иштирок этган Маданият вазири Озодбек Назарбеков маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида 8 тадан, Фарғона вилоятида 13 та, Тошкент шаҳрида 3 та маданият объекти Маданият вазирлиги билан келишилмаган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар томонидан балансига ўтказилиб, сотувга қўйилиб, сотиб юборилган.
«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун бошқа идора ва ташкилотлар билан ўртамиздаги муносабатларни аниқ белгилаб беряпти. Бундан кейин шу каби муаммоларда энди вазирликнинг аниқ позицияси шаклланади.
Ўтган йилда энг муҳим, бироқ амалга ошмай қолган масалалардан яна бири ҳақида тўхталсам. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, ноталар тўплами ва махсус мусиқий адабиётларни чоп этиш ҳамда уларнинг таълим муассасаларига тўлиқ етказилишини таъминлаш режалаштирилган эди.
Вазирлик томонидан ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар лойиҳалари тайёрланди, лекин молиявий манбаси аниқланмагани учун 2020 йилда бу вазифа бажарилмай қолди. Куни кеча Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган муҳокамаларда Бош вазир Молия вазирлигига топшириқ берди, бу йил ушбу муаммоларни ҳам босқичма-босқич ҳал қиламиз», деди вазир.






