1

Ғиждувонлик фуқаро рашк ва ғазаб сабаб турмуш ўртоғининг уйини ёқиб юборди

ЖИНОЯТ 08.01.2021, 19:43
Ғиждувонлик фуқаро рашк ва ғазаб сабаб турмуш ўртоғининг уйини ёқиб юборди

Рашк ва ғазаб ўтида ёниб, турмуш ўртоғининг уйини ёқиб юборган ғиждувонлик аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Халқ сўзи онлайн хабар қилди.

Улар 2014 йилда турмуш қуришганди. Никоҳ тўйида айтилган тилаку истакларни эшитган меҳмонлар бу икки ёшга ҳавас билан қарашган, “Бизни ҳам шундай тўйларга етказсин” деган эзгу ниятлар қилишган эди.

Марғуба билан Нажмиддин (исм-шарифлар айрим мулоҳазаларга кўра ўзгартирилган) орадан бир йил ўтиб ўғилли бўлишди. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди. Аммо ҳаёт деган дарё ҳеч қачон сокин оқмайди. Унинг пўртана-ю тўлқинлари ҳам бор. Иккаласи шу тўлқинларга дош бера олишмади. Кун ора жанжаллашув, дилхираликлар охир-оқибат Марғубанинг онасиникига кетиб қолиши билан тугади. Орадан икки йил ўтди. Ажралиш тараддудига тушишди.

Бу орада суднинг тегишли қарорига кўра, Нажмиддин фарзандини ҳар ҳафтада кўриб туриш имконига эга бўлди. 2020 йилнинг 15 июлида ҳам у беш яшар ўғлини уйига олиб келганди. Аммо Нажмиддин ёлғиз эмасди.Ўзининг эътироф этишича, болани ота-онасиникига қолдириб, бўлғуси турмуш ўртоғини уйига меҳмонга чақирганди. Нажмиддинга қўнғироқ қилган Марғуба буни пайқаб қолди. Йигит ҳам ишни пайсалга солмай “Бу менинг хотиним бўлади, сен билан қонуний ажралгач, шунга уйланаман”, деган мазмунга гап қилди ва телефонни ёнида турган аёлга берди.

Икки кундош (шундоқ десак эҳтимолки, адашмаймиз) ўртасида эса маълумингизким ҳеч қачон яхши гап-сўз бўлмаган, бўлмаса ҳам керак.

Хуллас, жаҳли чиққан, рашк ўтида қоврилган Марғуба тун қоронғусида эри яшаётган “Шарқ” маҳалласидаги икки қаватли уйга келади. Табиийки, эшик берк эди. Аммо айни ёз эмасми, уйнинг бир деразаси очиқ қолган экан. Шу деразадан ичкарига киради. Бу пайтда Нажмиддин бўлғуси хотини билан уйнинг юқори қаватидаги хонада ухлаб ётганди. Жаҳл келса, ақл қочади, деганларидек, Марғуба оёқ тагида турадиган гиламчани газ плитасида ёқиб ошхонадаги стол устига ташлайди. Шундан сўнг ими-жимида ғойиб бўлади.

Калтабинлик, ғазабни боса олмаслик, аламзадалик оқибати ёмон бўлди. Икки кишининг ҳаётини хавф остига қўйиб, ошхонани қасддан ёқиб юбориши оқибатида Нажмиддиннинг ота-онасига тегишли уй, уй жиҳозлари ва буюмлар ҳамда дарвозахонада турган “ЕPICA” русумли автомашина ёниб кетди. Жабрланувчиларга жуда катта миқдорда моддий зарар етди. Нажмиддин билан бўлғуси турмуш ўртоғи эса уйга ўт кетганидан хабар топган заҳоти газ қувурига осилиб, бир амаллаб пастга тушишди ва жон сақлаб қолишди...

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди мазкур жиноят ишини атрофлича ўрганиб чиқди. Судья Б. Ачилов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида Марғуба Ғойирова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 173-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандларида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Зиммасига қўшимча чекловлар ҳам белгиланди. Жабрланувчиларга етказилган зарар ҳам ундан ундириладиган бўлди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1