Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг ёрдамчиси, Давлат департаментининг Хотин-қизлар глобал масалалари бўйича идораси раҳбари, махсус топшириқлар бўйича элчиси Келли Кюрри билан учрашди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, суҳбат давомида Ўзбекистонда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, давлатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида уларнинг ролини ошириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида сўз юритилган.
Келли Кюрри хотин-қизлар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш масалаларида Ўзбекистон-Америка муносабатларини ривожлантиргани учун Олий Мажлис Сенатига ўз миннатдорлигини билдирган. Бундан ташқари, у “Марказий Осиё мамлакатлари раҳбар аёллари мулоқот” норасмий платформа яратилгани билан қутлаган ва Афғонистоннинг ушбу форматга жалб этилганини мамнуният билан тилга олган.
“Нафақат эркаклар, балки, асосан, аҳолининг заиф қатламларини ташкил этувчи аёллар ҳам жабр кўрган мажбурий меҳнатни йўқ қилишда Ўзбекистон ҳукумати эришган улкан ютуқлар алоҳида эътиборга лойиқ” – АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси.






