Бугун пойтахтда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Мен ғолиб» шиори остида ҳаваскорлар ўртасида оммавий югуриш мусобақаси ташкил этилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон ҳамда енгил атлетика федерациялари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари тизимига кирувчи тузилмалар ҳамда оддий аҳоли вакилларидан иборат ҳаваскорлар жамоалари иштирок этишди.
Югуриш мусобақасининг умумий узунлиги 10 км масофани ташкил этиб, унда қарийб 300 нафар Қуролли кучлар таркибига кирувчи тузилмалар ходимлари ҳамда ҳаваскорлар ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Оммавий югуриш мусобақасининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерациясининг президенти Виктор Маҳмудовлар қатнашди ва яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қуролли кучлар тизимида фаолият олиб бораётган барча ходимларни муборакбод этди. Қолаверса, бугунги мусобақа иштирокчиларига омад тиладилар.
Мусобақада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, Давлат хавфсизлик хизмати, «Миллий гвардия», Ички ишлар, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси, шунингдек турли соҳа вакиллари жамланган ҳаваскорлар жамоаси иштирок этди.

Мусобақанинг эркаклар ўртасидаги беллашувларида 1-ўринни Мудофаа вазирлиги ходими Илҳом Назаров қўлга киритди. Кейинги поғоналарни эса Тимур Орлов (ДХХ) ҳамда Шахбоз Сувонқулов (ИИВ) банд этишди.


Аёллар ўртасида марра чизиғини биринчи бўлиб Ички ишлар вазирлиги ходимаси Диёра Ўрозқулова кесиб ўтди. 2-ўринни ҳам ИИВ бегона қилмади, Мохинур Ғозиева мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди. Кучли учликни эса «Миллий гвардия»чи Ирода Асилова якунлаб берди.

Умумжамоа ҳисобида эса 1-ўринни Мудофаа вазирлиги жамоаси қўлга киритган бўлса, «Миллий гвардия»чилар иккинчи бўлишди. Фахрли 3-ўрин Давлат хавфсизлик хизмати жамоасига насиб этди.

Оммавий югуриш мусобақаси ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси президенти В.Маҳмудов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Эрматов, вазир ўринбосари А.Каримов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби О.Касимов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси президенти А.Абдувалиевлар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.






