Akfa университети 11-синф ўқувчилари ва академик лицейларнинг охирги босқич ўқувчилари ўртасида математика, кимё, биология ва инглиз тили бўйича олимпиада ўтказади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Олимпиадада келажакда Akfa университетида ўқишни истаган мактабларнинг 11-синф ўқувчилари ва академик лицейларнинг 3-босқич ўқувчилари иштирок этишлари мумкин.
Математика, кимё, биология ва инглиз тили бўйича олимпиада уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда қизиқувчи ёшлар ушбу ҳавола орқали 2021 йил 5 февралгача рўйхатдан ўтишлари керак. Иштирокчилар битта ёки бир нечта фанларни танлашлари мумкин.
https://docs.google.com/forms/d/e/1FAIpQLSeVPgEFkWy6zwwDuFRRuhpjbakBih9Bu7DQ9NkCfkXXUf5T3w/viewform
2021 йил 10 февралда бўлиб ўтадиган иккинчи босқичда рўйхатдан ўтган иштирокчилар онлайн олимпиадада қатнашадилар. Ҳар бир фан бўйича тест топшириқлари сони 20 тадан иборат бўлади. Биринчи босқич натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган 80 нафар ёшлар (ҳар бир фан бўйича 20 нафардан) учинчи босқичда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Олимпиаданинг якуний босқичи 26 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Якуний босқич иштирокчилари математика, кимё ва биология бўйича 10 та масалани ечишади. Инглиз тилидан синовлар иншо ва тест саволларидан иборат бўлади.
Ҳар бир фан бўйича 10 нафар ғолиб аниқланади, улар қуйидаги совринларга эга бўлишади:
- 1-2 ўринлар — 25 миллион сўм
- 3-4 ўринлар — 20 миллион сўм
- 5-6 ўринлар — 15 миллион сўм
- 7-8 ўринлар — 10 миллион сўм
- 9-10-ўринлар — 5 миллион сўм.
Соврин эгалари ушбу маблағлардан фақат Akfa университетида ўқиш учун тўловларни тўлаш учун фойдаланиши мумкин. Агар иштирокчи бир нечта фанлар бўйича совриндорга айланса, мукофотлар жамланади, бу эса мазкур университетда бепул ўқиш имкониятини беради.






