Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Автобус ҳайдовчилари клиент талашиб, рулда ўтирган ҳайдовчини уриб кетди" мавзусидаги видео юзасидан “Тошаҳартрансхизмат” АЖ Расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур видеодаги ҳолат, бундан икки йил аввал яъни, 2019 йил январь ойида Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/4 даҳасидаги автошоҳбекатда содир бўлган.
Иккала ҳайдовчи, "18-Автобус саройи" МЧЖ тасарруфидаги 87-сонли йўналишда хизмат кўрсатиб келган. Ҳайдовчилар автобус шоҳбекатига етиб келиши заҳоти, 87-сонли автобус ҳайдовчи А.С. ҳамкасби Ш.Э. автобусига чиқиб, ҳақоратлаб жанжал юзага келтириб, ўртада муштлашув содир бўлган.
Ушбу ҳолат, “18-Автобус саройи” МЧЖ раҳбарияти томонидан, ишчи суриштирув ташкиллаштириб, жанжалнинг келиб чиқишига, 87-сонли йўналишда ҳайдовчиларнинг ҳаракатланиши учун белгиланган жадвалнинг бузилиши сабаб, ўзаро муштлашув содир бўлганлиги аниқланган. Шундан сўнг, “18-Автобус саройи” МЧЖ томонидан, ҳайдовчи Ш.Э.га нисбатан, 2019 йил 19 январдаги 192-сонли ҳамда ҳайдовчи А.С.га нисбатан, 2019 йил
11 февралдаги 215-сонли буйруқларига асосан ҳайдовчилар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ҳозирда, юқорида келтирилган иккала ҳайдовчилар 2019 йилдан буён, “18-Автобус саройи” МЧЖда хизмат кўрсатмаслигини маълум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддаси 2-қисмига мувофиқ веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги билдириб ўтамиз, дейилади муносабатда.






