Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси истеъмолчилар фойдасига 156 миллион сўмдан ортиқ авиачипталар пулини ундириб берди. Бу ҳақда "Даракчи"га федерация масъуллари маълум қилди.
Дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори юртимизга ҳам «CОВИД19» инфекцияси кириб келиши оқибатида 2020 йилнинг 16 мартидан барча йўналишдаги авиақатновлар вақтинчалик чекланган эди. Парвозлар қолдирилиши оқибатида йўловчилар тўлаган маблағларини қайтариб беришларини сўраб ўзлари авиачипта харид қилган шохобчаларга мурожаат қила бошлаган. Аммо кўп ҳолларда истеъмолчиларнинг мурожаатларига асоссиз баҳоналар келтирилиб, қатор тушунмовчиликлар юзага кела бошлади. Қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида истеъмолчилар ёрдам сўраб, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига мурожаат қила бошлашди.
Жумладан, биргина Бухоро вилоятини олайлик. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Бухоро вилоят ҳудудий бирлашмасига ўтган йил давомида авиачипталар билан боғлиқ, ёзма ва оғзаки шаклда 92 нафар мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатлар ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчиларга 156.019.581 сўм қайтариб олиб берилган.






