Транспорт вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, 2021 йил 14 январь куни Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги Конвенциянинг электрон юк хатига (е-CMR) оид 2008 йил 20 февралда Женева шаҳрида имзоланган Қўшимча баённомаси Ўзбекистон Республикаси учун кучга киради.
Ўзбекистон ушбу Баённомага Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентабрдаги ПҚ- 4842 - сонли қарорига мувофиқ қўшилган.
Мазкур ҳужжат электрон алоқа воситаси орқали ташиш шартномасини тузиш тартибини соддалаштириш ва тезлаштиришни, юк хатининг қоғоз шаклидаги нусхаси билан тенг юридик кучга эга бўлган электрон юк хатини жорий этишни назарда тутади. Шу билан бирга, Баённомада иштирок этиш қоғоз шаклидаги ҳужжатлардан фойдаланишни чекламаган ҳолда е-CMRдан фойдаланишга босқичма-босқич ўтишни таъминлайди.