Жорий йилнинг 12 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг видеоконференц алоқа тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда дастлаб “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазолар енгиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
–Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида фуқаролар, жамоатчилик вакиллари, автоулов ҳайдовчилари билан мулоқотлар ўтказилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Ф.Самадов. – Ўрганишлар давомида соҳада ечимини кутаётган бир қатор масалалар борлиги маълум бўлди. Хусусан, кодексдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима миқдорини энг кам ва энг кўп миқдорини белгилаш давомида яъни, ҳуқуқбузарликни таснифлашда амалиётда коррупцион ҳолатларини келиб чиқишига имкон яратувчи мавҳум нормалар аниқланди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасида ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларида, ҳайдовчилар томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши, аксарият ҳолларда автотранспорт эгаси ўз бошқарувидаги транспорт воситасини тўхтатишга мажбур бўлган жойларда транспорт воситаларини вақтинча тўхташи учун шарт-шароитлар яратилмаганидан ва бундай жойларда тақиқловчи белгилар мавжудлигидан содир этилаётгани аён бўлди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра,“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, кодекснинг 54, 123, 141, 147-моддаларида назарда тутилган “энг кам” ва “энг кўп” миқдорда белгиланган жарималарнинг энг кам даражаси сақланиб, энг кўп даражаси чиқариб ташланяпти.
Шунингдек, кодекснинг 1286-моддада белгиланган Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори камайтирилиб, такроран содир этилган қоидабузарликлар учун жарима қўллаш нормалари чиқарилмоқда.
Халқ ноиблари ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши келгусида йўл транспорт соҳасидаги қоидабузарлик учун жарималар белгилашда коррупцион ҳолатлар содир этилишини олдини олишга хизмат қилишини айтиб, қонун лойиҳасини маъқулладилар.






