Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Айтишларича, Тошкентдаги 168-мактабда рўмолли қизлар мактабга киритилмабди” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан пойтахтимизнинг Чилонзор тумани халқ таълими бўлими махсус ишчи гуруҳи ўрганиш олиб борди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ХТБ.
"Хабарингиз бор, 11 январдан барча умумтаълим мактабларида III чорак дарслари бошланди. Жумладан, 168-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам ўқувчилар тўлиқ карантин қоидаларига амал қилган ҳолда назорат остида таълим жараёнида иштирок этишмоқда. Ўрганишлардан сўнг, маълум бўлдики, дастлабки дарс кунида ўнга яқин ўқувчи қиз мактабга рўмолда ўқишга келган. Қизлар ва уларнинг ота-оналарига мактаб маъмурияти томонидан кўча-кўйда фарзандлари рўмолда юришлари мумкинлиги, аммо дарс чоғида тўлиқ кийиниш тартиб-қоидаларига амал қилишлари лозимлиги тушунтирилган. Бироқ, ижтимоий тармоқда қайд этилганидек, рўмолли қизларнинг дарсларга қўйилмаганлиги ҳақидаги маълумот ўз исботини топмади.
Ҳурматли ота-оналар!
Аввал хабар қилганимиздек, уйдирма ва бўҳтон хабарлар тарқатишдан кўра, аниқ далилларга таянган ҳолда маълумот берсангиз айни муддао бўларди. Ростдан ҳам шундай ҳолатнинг гувоҳи бўлган бўлсангиз нега чўчийсиз?! Сизнинг фарзандингиз қайси синфда ўқийди, исми-шарифи ким? Қачон мактабга киритилмади? Қолаверса, чоп этилган хабарда мактаб директори шахсиятига тегишингизни қандай оқлаш мумкин?!
Эслатиб ўтамиз, умумтаълим муассасаларида Сизни ташвишлантираётган бирор ҳолатга дуч келсангиз бемалол Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин.
Мабодо исми-шарифингизни ошкор этишни истамасангиз, марҳамат Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ишонч телефонларига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.
Мурожаат учун телефонлар — 71 2370801, 71 2370893", - дейилади Тошкент шаҳар ХТББ Матбуот хизмати хабарида.






