1

Қайроққум сув омбори ёрилгани ҳақида ёлғон ваҳима кўтарганлар қўлга олинди (видео)

ЖИНОЯТ 16.01.2021, 11:19
Қайроққум сув омбори ёрилгани ҳақида ёлғон ваҳима кўтарганлар қўлга олинди (видео)

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқларда Тожикистон ҳудудида жойлашган “Баҳри тожик” (Қайроққум) сув омбори ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалди. Бу хабар аҳолининг ваҳимага тушишига сабаб бўлди ва ярим тунлигига қарамай, кўплаб фуқаролар уйини тарк этди.

Ҳолат Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан тезкор ўрганилиб, вилоят ҳокими бошчилигидаги масъуллар аҳолини тинчлантириш чораларини кўрди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ушбу тарқалган хабарнинг асоссиз экани, ёлғон миш-мишлигини айтиб, расмий муносабат билдирди.

Давом эттирилган суриштирувлар натижасида Тожикистондаги Қайроққум сув омборига шикаст етгани ҳақидаги ёлғон миш-мишлар тарқатиб, Сирдарё аҳолисининг тинчини бузганлар аниқланиб, қўлга олинди. Маълум қилинишича, хабарни Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида яшовчи шахслар томонидан асоссиз равишда тарқатилган.

Қўлга олинган фуқароларнинг бири танишларидан эшитган хабарларига таяниб, Сардобада истиқомат қилувчи турмуш ўртоғига 14 январь куни қўнғироқ қилиб уйни тарк этишини тайинлайди. Бунинг оқибатида туманнинг Дўстлик маҳалласида истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида саросима уйғонади. Шундан сўнг аёл Тожикистонда яшайдиган тоғасига қўнғироқ қилиб, бу хабар рост ёки ёлғон эканини сўрайди. Тоғаси бундай хабар йўқлиги, ҳаммаси жойида эканини маълум қилади. Лекин бу пайтга қадар аҳоли ўртасида ваҳима тарқалиб улгурган эди.

Сирдарёлик блогерлардан бири эса You tube'даги каналига "Тезкор тарқатинг! Канал суви уриб кетти" сарлавҳали қочишга ундовчи видеони ясаб тарқатган.

Ёлғон маълумот тарқатган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши маълум қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1