АсосийJamiyat

Ўқувчилар ўртасида математика бўйича ўтказиладиган «Қўқон олимпиадаси» ғолибларига «Нексия» ва «Кобальт» берилади

'Ўқувчилар ўртасида математика бўйича ўтказиладиган «Қўқон олимпиадаси» ғолибларига «Нексия» ва «Кобальт» берилади'ning rasmi

Бу ҳақда Қўқон университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шерзод ­Мустафоқулов «Янги Ўзбекистон» мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтди.

— Мурожаатномада белгиланган вазифаларни, хусусан, аниқ фанларни ривож­лантиришга оид таклифларни амалиётга кенг татбиқ этиш, иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида университетимизда республика умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида математика фанидан «Қўқон олимпиадаси»ни уюштирмоқчимиз, — деди ректор. — Бу борада «Қоракўл зиё» нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни белгилаб олдик.Яна шуни айтиш жоизки, университетимизда ўтказиладиган «Қўқон олимпиадаси» ёш математикларни аниқлаш ва уларнинг юксак парвозига замин яратувчи ўзига хос пиллапоя вазифасини ўтайди, десак, муболаға бўлмайди. Шундай экан, уни ўқувчилар интиқиб кутадиган ақлий беллашувлардан бирига айлантириш учун барча чорани кўрамиз. Бунга им­кониятларимиз етарли.

 

«Қўқон олимпиадаси» умумтаълим мактабларининг 5, 6, 7, 8, 9 ва 10, 11-синфлари, академик лицейларнинг 1, 2-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилиши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ­ривожлантириш агентлигига қарашли таълим муассасалари, нодавлат ўқув даргоҳларининг 5 — 11-синф ўқувчилари ҳам қатнашишлари мумкин.

Олимпиада икки босқичда ташкил этилиб, ҳудудий босқич вилоятлар кесимида жорий йилнинг 14 февраль куни Давлат тест маркази томонидан махсус тузилган тестлар асосида амалга оширилади.

Бунда ўқувчилар ихтиёрий равишда қатнашади. Иштирокчилар www.olimpiada.kokanduni.uz сайти орқали 10 февралга қадар онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади.

Республика босқичи эса Қўқон университетида шу йилнинг 13-14 март кунлари ўтказилади. Якунловчи босқичда Давлат тест маркази жавоблари асосида ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 5 нафар ўқувчи-номзод танлаб олинади.

Олимпиада ғолибларини муносиб мукофотлаш мақсадда биринчи гуруҳ (5, 6, 7-синфлар) ўқувчи-талабгорлари ўртасида биринчи ўринни қўлга киритган номзодга «Нексия» автомобили, иккинчи гуруҳ (8, 9-синфлар) ўртасида биринчиликни эгаллаганга ҳам «Нексия», учинчи гуруҳда (10, 11-синфлар, академик лицейнинг 1, 2-босқич) биринчилик учун эса «Кобальт» автомобили ­совға қилинади.

Барча гуруҳ бўйича биринчи ўнталик рўйхатидан жой олган номзодларга Қўқон университетида грант асосида ўқишга қабул қилиш «Инвестицион ваучер»и тақдим этилади. «Қоракўл зиё» нодавлат ўқув муассасаси томонидан эса гуруҳлар бўйича 1, 2, 3-ўринни қўлга киритган ўқувчи-номзодларга математика ҳамда бошқа фанлардан қўшимча билим олиш ҳуқуқини берувчи бир йиллик бепул ўқиш бонуси ҳам тақдим этилади. Қуйи синф ўқувчилари ғолибликни қўлга киритса, улар илм-фанга йўналтирилиб, тизимли равишда университетга тайёрлаб борилади.

 

    Бошқа янгиликлар