Бугун АОКАда "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев иштирокида брифинг ўтказилди. Унда ҳудудларда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, 2021 йил январь ойи бошида очилган @uzsuv_chat гуруҳига республика бўйича кунига 500 га яқин мурожаатлар келиб тушмоқда.
“Телеграм”даги “suvmuammobot” ва “uzst_bot” ботлари орқали ўтган 3 ойда 300 га яқин мурожаат ҳал этилган.
Илк марта республика бўйича “1255” ягона қисқа рақами ишга туширилган ва бу рақамга кунига 1000 га яқин мурожаатлар келиб тушяпти ва улар ўрганилиб, ижобий ҳал қилинмоқда.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш учун “Телеграм” ижтимоий тармоғида 24 соат “онлайн” бўладиган диспетчерлик гуруҳи йўлга қўйилган. Тез кунларда аварияларни бартараф этишда оператив муносабатни ошириш мақсадида “Сувни асра” мобил иловаси ишга туширилади. Афзаллиги – авария акс этган нуқтани расмга олиб мобил илова орқали жўнатилади ва GPS тизимлари орқали ўша нуқтага авария бригадаси етиб боради.
Яқинда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Кимда газ, свет, сувда муаммо бор?” номли пост остидаги инфратузилмавий масалалар бўйича минглаб изоҳлар орқали қолдирилган бўлса, шундан ичимлик суви ва канализацияга оид жами 150 та мурожаат ва муаммолар тизимли равишда ўрганиб чиқилди ҳамда уларнинг 135 таси ёки 90 фоизи ижобий ҳал этилди.
Изоҳларда қолдирилган сув йўқлиги хусусидаги муаммоларнинг бир қисми электр энергиясидаги узилишлар билан боғлиқлиги ҳам аниқланди. Маълумки, ичимлик суви ҳайдаш насослари электр токи орқали ишлайди ва электр энергиясида кўп узилишлар юзага келгаётгани учун ичимлик сувида ҳам тўхталишлар бўлмоқда.
Ижтимоий тармоқларга келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти олис қишлоқлар аҳолисидан бўлиб улар марказлашмаган ичимлик суви билан таъминланмаганликларини билдиришмоқда. Ушбу олис қишлоқларнинг аҳолисига сув таъминоти масъулияти чекланган жамиятлар томонидан маҳаллий хокимликлар билан биргаликда тасдиқланган жадвал асосида жами 1721 та махсус техникалар орқали ичимлик сувини етказиб бериш йўлга қўйилган ва бу ишлар “Ўзсувтаъминоти” АЖнинг доимий назоратида.






