Интернет ижтимоий тармоғида эркак кишининг бошқа фуқаролар томонидан калтакланаётганлиги, атрофдаги фуқаролар эса уларни тинчлантиришга ҳаракат қилаётганлиги акс этган видео тарқалган эди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 17 дан 18 январга ўтар кечаси Сергели тумани 6-кварталда содир бўлган жанжал иштирокчиларининг барчасининг шахси аниқлангани ҳақида хабар берди.
18 январь куни тахминан соат 23.50 ларда 26 ёшли Азимжон К. ўзининг бошқарувидаги “Кобалт” русумли автомобилида танишлари 32 ёшли Завқиддин Х. ва 40 ёшли Зулфиқор Х. билан Сергели тумани 6-кварталдаги автотураргоҳга келган. Шу жараёнда икки нафар фуқаро – 30 ёшли муқаддам судланган Азиз А. ва 30 ёшли Хуршид Х. алкоголь мастлик ҳолатида бўла туриб, автомобилнинг йўлини тўсган. Бунинг натижасида фуқаролар ўртасида жанжал бошланган. Азиз ва Хуршид автомобилнинг ойналарини синдириб, автомобилга шикаст етказган. Шундан сўнг Азиз А. ва Хуршид Х. фуқаролар Зулфиқор Х. ва Завқиддин Х.ларни уриб, уларга тан жароҳати етказишган. Зулфиқор Х.га тан жароҳати етказиш жараёни шу жойдаги кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаро томонидан видеога олинган ва интернет тармоғига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар Азиз А. ва Хуршид Х.лар ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.