Ижтимоий тармоқларда тарқалган Мирзо-Улуғбек туманида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий маълумот берди.
2021 йил 19 январь куни тахминан соат 21.30 да Юзрабод ва Козева кўчалари кесишмасида иккита транспорт воситаси: 23 ёшли Исломбек Д. бошқарувидаги “Damas” (давлат рақами 10 Y 702 CA) русумли автомобиль ва ишончнома асосида 29 ёшли Бухоро вилоятилик Бекзод Р. бошқарувида бўлган “ВАЗ-2115” (давлат рақами 10 Е 017 НА) русумли автомобиллар тўқнашуви рўй берган.
ЙТҲ сабабли “ВАЗ-2115” русумли автомобиль йўловчилари – 18 ёшли Бухоро вилоятилик Д.Б. ва 19 ёшли М.Ж. олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмдилар. Марҳумларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
Бундан ташқари, “ВАЗ-2115” ҳайдовчиси ва йўловчи 27 ёшли Бухоро вилоятилик Шаҳризод Ш. бадан шикастлари билан шифохонага етказилдилар.
ЙТҲнинг тахминий сабаби: “Damas” ҳайдовчиси бурилиш вақтида тўғри йўлдан ҳаракатланиб келаётган “ВАЗ-2115” автомобилига йўл бермаган. Натижада “ВАЗ-2115” бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дарахтга тўқнашган.
Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси 3 қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов ишлари олиб борилмоқда.






