Аввал хабар берганимиздек, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов вазирлик марказий аппарати барча ходимларининг тўлиқ таркибдаги иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Унда вазирлик фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича муҳим вазифалар жамоа иштирокида батафсил муҳокама қилинди.
Йиғилишда таълим муассасалари билан ишлаш принципларида ҳам қайта кўриб чиқиладиган жиҳатлар мавжуд эканлигига йиғилиш иштирокчиларининг алоҳида эътибори қаратилди. Вазирлик олдида таълим сифатини таъминлашдек ўта масъулиятли вазифа турибдики, бу вазифани олий таълим муассасалари билан ишчанлик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни йўлга қўйибгина амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.
- Олий таълим муассасасида мавжуд бўлган муаммони кимга айтишини билмай юрган раҳбарларнинг дардини биринчи навбатда вазирлик, биз тинглашимиз ва уни ҳал қилиб бериш чораларини кўришимиз керак. Олдин тизимдаги раҳбарлар, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун етарли шарт-шароит яратишимиз, ундан кейингина улар олдига вазифаларни қўйсак, тўғри бўлади, - деган Абдуқодир Тошқулов.






