Жорий йилнинг 22 январидан Сурхон воҳасида йўловчиларга қулайлик яратиш, транспорт хизматлари кўрсатиш кўламини янада ошириш мақсадида йўлга қўйилган Термиз – Дарбанд – Термиз йўналишида 6381/6382 сонли шаҳарлараро поезди ҳаракатини бошлади. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, соат 16:50да Термиз темир йўл вокзалидан ҳаракатини бошлаган ушбу шаҳарлараро поезд бугун соат 20:03да Дарбанд вокзалига кириб келади. Мазкур поезд 23 январь куни эрталаб соат 05:22да Дарбанд вокзалидан ҳаракатини бошлаб, шу куни соат 08:42да Термиз темир йўл вокзалига кириб боради.
Бугундан бошлаб, мазкур поезд қатнови йўлга қўйилганлиги муносабати билан Тошкент – Термиз – Тошкент йўналишидаги 80/79-сонли поездига Дарбанд вокзалигача бориш учун уланадиган қўшимча вагонлар бекор қилинади.
Шунингдек, Тошкент – Термиз – Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган 80/79-сонли ҳамда Қумқўрғон – Сариосиё йўналишидаги 682-сонли поездлар ҳаракат жадвалига ҳам ўзгартириш киритилди.