АсосийJamiyat

Феврал ойидан карантин чекловлари қайта тикланадими? Нурмат Отабеков жавоб берди

'Феврал ойидан карантин чекловлари қайта тикланадими? Нурмат Отабеков жавоб берди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда ҳам аниқлангани, бу касаллик олдингисиданда оғир кечиши тўғрисидаги аудио тарқалди.

Тарқалган бу миш-мишларга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков кун.узга берган интервюсида изоҳ берди.

“Ўзбекистонда коронавируснинг янги штамми қайд қилинмаган. Юқоридаги аудиода айтилган белгилар олдинги штаммга ҳам хос бўлиши мумкин. Янги штамм қайд қилинмагани туфайли эҳтиёт чораларини сусайтириш ярамайди. Биз ҳамон пандемия даврида яшаяпмиз.

Карантин чораларининг феврал ойида кучайтирилиши ҳақидаги гаплар ўринсиз. Бу борада фақат республика махсус комиссияси қарор чиқариши мумкин. Бундай қарор чиқарилганда эса расман эълон қилинади.

Ўзбекистонда ҳар куни турли ҳудудларда коронавирус аниқланмоқда. Шу жумладан, Тошкент давлат педагогика университетининг талабасида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилгани рост. Aммо бу янги штамм эмас, умуман эпидемиологик вазият ҳам барқарор. Ўша факултет талабаларига маълум муддат жавоб берилгани эса стандарт амалиёт. 

Такрор айтаман, касаллик бизга кириб келмабди, дея хотиржамликка берилиш, ҳимоя ва гигиена қоидаларини унутиш тўғри эмас. Эҳтиёт чоралари ҳамон амалда”, – деди Нурмат Отабеков Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Бошқа янгиликлар