2020 йилнинг 25 декабрь куни Гана Республикаси фуқаролари Эммануэл Аквей ҳамда Суссанна Мфумларнинг Андижон шаҳрида туғилган фарзандлари Марвен ва Арвенларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари топширилгани ҳақида хабар берган эдик.
Андижон шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида кениялик Жефферсон Онгути ҳамда андижонлик Ширин Сатбурхоноваларнинг Андижон шаҳрида туғилган фарзанди Николе Онгутига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Андижонвилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Жефферсон Онгути Андижон шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига унинг турмуш ўртоғи Ширин Сатбурхонова Андижон шаҳридаги туғруқхонада қиз бола фарзанд кўрганлигини маълум қилиб, уни туғилганлигини қайд этишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Унинг мурожаати ФҲДЁ бўлими томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилиб, боланинг туғилганлиги тасдиқланиб, далолатнома ёзувлари қайд этилди.
Маълум бўлишича, Кения Республикаси фуқароси Жефферсон Онгути 2019 йилда АҚШлик кўнгиллилар орасида ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиш мақсадида келган. Айни пайтда Олтиариқ туманидаги Аҳмад ал-Фарғоний авлодлари” номли нодавлат таълим муассасасида ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бермоқда. Жефферсонинг турмуш ўртоғи Ширин Сатбурхонова эса Фарғона давлат университетининг чет тиллари факультетида таҳсил олади.
“Ширин билан бундан бир ярим йилча, аввал дўстларим орқали университетдаги қаҳвахонада танишганманГўзал қиз биринчи учрашувдаёқ ёққани учун дўстлашиш таклифини берганман. У менга юртингизнинг тарихи ҳақида кўп сўзлаб берар, чиройли жойларга олиб чиқарди. Тақдир тақозоси билан дўстлигимиз чин муҳаббатга айланди. Қарама қаршиликларга қарамай иккимиз оила қурдик. Шу сабабли аксарият дўстларим кулишиб, мени кениялик Фарҳод дейишади. Мен бундан хафа эмасман, аксинча хурсандман. 19 январь куни муҳаббатимиз меваси дунёга келди. Унинг исмини Никола деб қўйдик. Ким нима деса десин, биз бахтлимиз”, – дейди Жефферсон Онгути.






