Бу ҳақда ССВ маълум қилди.
Сўнгги кунларда келиб тушган кўплаб маданият соҳаси вакилларининг мурожаатларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ҳалқимизни маданий хордиқ чиқаришлари учун қулай шароит яратиш мақсадида концерт-томоша тадбирларини жорий йилнинг 28 январидан бошлаб санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда ташкил этишга рухсат берилди.
Республика махсус комиссиясининг қарори билан концерт ва томоша тадбирларини ўтказиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:
- ️концерт саройларининг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаган ҳолда ташкил этиш;
- ️концерт саройларининг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш ва бу борада оралиқ масофани сақлаш учун талаб этиладиган ўриндиқларни консервация қилиш;
- ️концерт саройларига ташриф буюрувчи томошабин ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар қатъий ниқобда (маскада) бўлиш.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирда дунёнинг қатор мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви натижасида карантин ҳаттоки ижтимоий ва иқтисодий соҳалар фаолиятини тўхтатиш каби чекловлар ҳамон давом этмоқда.
Республика махсус комиссияси халқимиздан коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъи риоя этишлари ҳамда мамлакатимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида эришилган бугунги вазиятни бардавом бўлиши учун шахсий масъулиятни оширишларини сўрамоқда.






