Жорий йилнинг 26 январь куни Ғаллаорол туманининг Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 4 нафар фуқаро ҳудуддаги тоғдан ноқонуний равишда олтинли рудани қазишга киришадилар. Мазкур жараёнда уларни тош босиб қолган. Оқибатда йигитларнинг 2 нафари воқеа жойида вафот этди, икки нафари эса шифохонанинг жонлантириш бўлимида. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.
Мазкур фожиа муносабати билан Жиззах вилояти ИИБнинг масъуллари томонидан муҳокама уюштирилди.Ғаллаорол туманидаги 84-сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтказилган муҳокамада ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Мансур Сатторов амалдаги қонунчиликка асосан фойдали қазилмаларни лицензиясиз қазиб олиш, худди, шунингдек, олтин изловчилар усулида лицензиясиз қазиш жавобгарликка сабаб бўлишини таъкидлади.
Муҳокамада таъкидландики, 2017 йилдан то шу кунга қадар ушбу тоққа чиқиб, ноқонуний равишда таркибида қимматбаҳо олтин зарралари бор бўлиши мумкин бўлган руда тошларни талон-тарож қилганлик ҳолати бўйича бир неча фуқаролар жавобгарликка тортилган. Бироқ айрим фуқаролар ўзларини мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тия олишмаяпти.
Тадбирда бу каби қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйиш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган бўш иш ўринлари ва тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган эътибор, берилаётган имкониятлардан фойдаланиш хусусида сўз борган.






