“Осиё болалари” Халқаро ўйинлари бошқаруви йиғилишида курашни мазкур ўйинларнинг спорт дастурига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинлари Халқаро Олимпия қўмитаси шафелиги остида 1996 йилдан буён тўрт йилда бир марта ўтказиб келинади. Пандемия сабабли болалар ўйинлари 2020 йил Мўғилистонда ўтказилмаган ва бошқа санага кўчирилган. 2019 йилда Россиянинг Южно-Сахалинск шаҳри мезбонлигида “Осиё болалари” биринчи халқаро қишки спорт ўйинлари ҳам ўтказилган эди. Ушбу мусобақада ўзбекистонлик ёш атлетлар тоғ чанғиси, фигурали учиш ҳамда снoуборд спорт турлари бўйича 8 нафар ҳамюртимиз иштирок этган.
Ўзбекистон 2028 йил бўлиб ўтадиган “Осиё болалари” ўйинларини қабул қилишга даъвогар мамлакатлар рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз 2024 йилги мусобақага Россиянинг Якутск шаҳри мезбонлик қилади.






