АсосийJamiyat

Тошкентда автомобилни маст ҳолатда бошқарган собиқ депутат, инспекторларга лавозимини "пеш" қилиб, чора кўрмасликни талаб қилди

'Тошкентда автомобилни маст ҳолатда бошқарган собиқ депутат, инспекторларга лавозимини "пеш" қилиб, чора кўрмасликни талаб қилди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда фуқаро ва Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспекторлари орасида юзага келган келишмовчилик видеоси тарқалди. 

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, жорий йил 26 январь куни соат 23.30 да ЙПХ инспектори Яшнобод туманидаги Мирзо-Улуғбек ва Султонали Машхадий кўчалари кесишмасида хизмат олиб бориши давомида “Captiva” автомобиль (давлат рақами 10 B 878 OA) ҳайдовчисига тўхташ ҳақида ишора берган. Аммо ҳайдовчи ички ишлар ходимининг қонуний талабини менсимасдан ҳаракатни давом эттирган. 

Автомобиль тез орада Мирзо-Улуғбек ва Маҳтумқули кўчалари кесишмасида тўхтатилган. Автомобилни бошқариб борган 36 ёшли Тошкент вилоятилик Қобул Д. инспекторга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим қила олмаган. Ҳайдовчи ва йўловчи  инспекторлар билан жанжал бошлаб, ўз хизмат фаолияти ва эгаллаб турган лавозимларидан келиб чиққан ҳолда уларга нисбатан қонуний чора кўрмасликни талаб қилишган.

Мулоқот давомида йўл-патруль хизмати ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсири остида эканлигидан шубҳаланиб, уни экспертизага боришни таклиф қилган. Ҳайдовчи аввал бош тортиб, кейин текширувдан ўтишга рози бўлди. Алкотестор ҳайдовчи томонидан чиқарилган нафасда 0,660 мг/л алкоголь концентрацияси борлигини аниқлади.

Қобул Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131 моддаси биринчи қисми (“Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш”) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилди. Йўловчи Феруза Б.га нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131 моддаси учинчи қисми (“Алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш”) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

    Бошқа янгиликлар