Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати ЕОИИ ташкилоти фаолияти таҳлилига бағишланган туркум мақоллар эълон қилиб келмоқда.
Ушбу мақолада ЕОИИга аъзо давлатларда меҳнат мигрантларининг эркин ҳаракати таъминлангани ва қатор қулайликлар яратилгани билан бир қаторда, айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги ҳақида сўз юритилади.
" - Мазкур муаммоли масалалар нафақат мигрантларни жўнатувчи давлатлар (Арманистон, Қирғизистон), балки қабул қилувчи давлатлар (Россия)нинг етакчи экспертлари, ҳуқуқшунослари томонидан ҳам охирги вақтларда кўп бора таъкидланмоқда.
Жумладан:
Биринчиси, ЕОИИнинг аъзо давлатлари ҳисобланган Арманистон ва Қирғизистон меҳнат мигрантларининг катта қисми яратилган имкониятларга қарамасдан, барибир иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузмаётганлиги кузатилмоқда.
Бунга сабаб, биринчидан, мигрантларнинг амалдаги қонун меъёрлари тўғрисида хабардор эмаслиги, иккинчидан, иш берувчилар томонидан мигрантларни меҳнат шартномасиз ишлашга мажбурлаши, учинчидан эса Россия ва Қозоғистонда ўз ватандошларининг ноқонуний ишлашини фойдали бизнесга айлантирган хуфёна воситачиларнинг фаолияти натижаси ҳисобланади.
Иккинчиси, ЕОИИда мигрантларни қабул қилувчи асосий давлатларда (Россия, Қозоғистонда) фуқаролар ва мигрантларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларининг тенглиги принципи тўлиқ амалга оширилмаётгани кузатилмоқда.
Бунинг асосий сабаби эса мазкур давлатларнинг миллий қонунчилиги ҳужжатлари Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги Шартнома қоидаларига мувофиқ ҳолда тўлиқ ишлаб чиқилмаганидир.
Учинчиси, меҳнат мигрантларига катта талаб бўлаётган давлатлар, яъни мигрантларни қабул қилувчи давлатларда меҳнат миграциясини қўллаб қувватловчи инфраструктура, яъни мигрантлар ва иш берувчилар учун махсус ихтисослаштирилган ахборот, маслаҳат ва таълим хизматлари етарли даражада ривожлантирилмаган.
Ваҳоланки, ЕОИИдаги «Умумий меҳнат бозори» мигрант жўнатувчи давлатлар ҳукуматлари томонидан ишлаш учун кетаётган фуқароларига қулайлик ва етарли шароитлар яратиб бериш ва мигрантларни касбий ва тил тайёргарлиги бўйича мослаштирув ишларини олиб бориши каби вазифаларни амалга ошириши лозим бўлаётгани каби мигрантларга катта талаб бўлаётган, яъни қабул қилувчи давлатларда ҳам худди шундай вазифаларни амалга оширилиши лозим бўлиши керак эди.
Хулоса...
Юқоридаги келтирилган мулоҳаза ва шарҳлар фақат мазкур иқтисодий иттифоқда ташкил этилган «Умумий меҳнат бозори» ҳолатини таҳлил қилиш нуқтаи назаридан эди, холос.
Зеро, Ўзбекистоннинг кузатувчи мақоми «Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақоми тўғрисида»ги низомга мувофиқ, иттифоқ доирасида қабул қилинаётган ҳужжатларни амалда татбиқ этилишини янада чуқурроқ ўрганиш, аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмлари, қарор қабул қилиш жараёни, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий база ва уни қўллаш амалиёти каби муҳим жараёнлар билан танишиш имкониятини яратади", - дейлади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати таҳлилида.






