Шахмат дунёдаги энг қадимий спорт турларидан бири саналади. Унинг ватани Ҳиндистон деб тан олинган бўлса-да, сўнгги тадқиқотлар ушбу ақл-идрок спорти аслида Ўрта Осиё, хусусан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган, деган фаразларни илгари сурмоқда.
Бу алоҳида мавзу, аммо шуниси аниқки шахмат оммавийлик борасида ҳам спорт турлари орасида етакчилардан бири ҳисобданади. Айни пайтда Халқаро шахмат федерацияси, яъни ФИДЕга жаҳондаги 195та миллий федерация аъзо бўлган. Оммавийлик борасида ушбу ақл-идрок спорти фақат енгил атлетикадан ортда қолиши мумкин.
Шахмат мусобақалари орасида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси энг нуфузли саналиб, мазкур спорт анжумани мезбонлигини қўлга киритиш жуда мураккаб жараёндир. Янги Ўзбекистон ҳеч иккиланмасдан мана шундай йирик спорт анжуманини ўзида қабул қилиш учун курашга бел боғлади, дейилади Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабарида.
Ўзбекистон шахмат федерациясида навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилган. Ушбу жараённи кузатиб бориш учун юртимизга ФИДЕ президенти маслаҳатчиси Берег Балгабаев ташриф буюрган.
Юқори мартабали меҳмон иштирокида ўтказилган учрашувда 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мусобақасини юртимизда қабул қилиш масаласи муҳокама қилинган.
Икки томон ўртасидаги учрашувда сўнгги йилларда юртимизда шахмат спортини оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, айниқса яқинда имзоланган "Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори Ўзбекистонда ақл-идрок спорти ривожида янги даврни бошлаб бериши эътироф этилди.
Ўз навбатида жаноб Балгабаев юртимиз шахматчиларининг жаҳон ареналарида қозонаётган ёрқин ғалабаларига тўхталиб, бугун Ўзбекистон шахмат спортини ривожлантиришда нафақат минтақа, балки дунё мамлакатлари учун ҳам маёқ вазифасини ўтаётганлигини таъкидлади.
ФИДЕ президенти маслаҳатчиси Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси мезбонлигини қўлга киритиш учун барча имкониятлар етарли экани, фақат Олимпиадагача юртимизда бир нечта нуфузли мусобақалар ҳамда ФИДЕ Конгрессини ўтказиш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
Ўз навбатида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддилари ФИДЕ билан чуқур ҳамкорликни йўлга қўйишдан мамнун эканликларини таъкидлашди.
Маълумот учун, ФИДЕ президенти маслаҳатчиси Берег Балгабаев юртимизга ташрифи давомида пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида яратилган шароитлар билан ҳам танишди. Бу жараёнда меҳмонга Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти ҳамроҳлик қилганди.






