Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тасарруфидаги 300 ўринга мўлжалланган Қўқон “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
“Мурувват” уйида 2000 йилдан буён умуман капитал реконструкция ишлари амалга оширилмаган. Шу боис, маскан анча таъмирталаб аҳволга келиб қолганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Тиббий ижтимоий муассасалар моддий техника базасини ривожлантиришга доир кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 – 2021 йилларда қурилиш реконструкция килиш дастурига киритилди.Қурилиш ва пардозлаш жараёнлари ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан мутасаддиларга, мутахассисларга тегишли кўрсатмалар берилди. Кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда нуронийларнинг дуолари билан бошланган мазкур икки қаватли, 80 ўринга мўлжалланган бинони бунёд этиш учун 4 миллиард 50 миллион сўм маблағ сарф этилди.
Кароватлар, турфа мебеллар, оҳорли чойшаблар, стол-стуллар, шкафлар, ошхона жиҳозлари, музлатгичлар, кир ювиш машинаси, спорт анжомлари, совутиш-иситиш ускуналари ўрнатилди. Васийликка олинганларнинг соғлигини мунтазам текшириб бориш мақсадида физиотерапия асбоб-ускуналари, ультратовуш аппарати, оёқ учун массажёр, югуриш йўлакчаси, идиш товоқлар тарелка, чойнак, пиёла, қошиқ, идиш-товоқ ва бошқа ошхона жиҳозлари ҳарид қилинди. Масканда яшаётган инсонларнинг қизиқишларига мувофиқ турли спорт тўгараклари ташкил этилди. Рассомчилик, миллий чолғулар бўйича шуғулланиш учун шароитлар яратилди.
Маскандаги реабилитация бўлими биносига яна қўшимча 20 ўринли иншоот қурилиб, жами 53 ўринга мослаштирилди. Шунингдек, 120 ўринли маданий тадбирлар ва йиғилишлар ўтказиш зали, кирхона биносини қуриш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг охиригача “Мурувват” уйининг мавжуд 3 қаватли биносини капитал таъмирлаш, ёзги дам олиш айвончаси қуриш, канализация тармоғини тўлиқ янгилаш, замонавий иситиш қозонхоналари ўрнатиш, муассаса ҳудудини асфальт қилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Бу ердаги васийликка олинганлар билан суҳбатлашсангиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, одамларнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратилаётган лойиҳалар,ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш борасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро этилаётгани, мана шундай қурилиш, бунёдкорлик ишлари, шаҳар, қишлоқларнинг кундан-кунга чирой очиб, обод бўлаётгани ҳақида фахр билан, тўлқинланиб гапиришади. Кўпни кўрган мўътабар отахонлар дориломон кунларимизни алқаб, ўзларининг самимий фикрларини билдиришади.
Қўқон “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари, замон талаблари асосида яратилган шарт-шароитлар, моддий-техника базасининг босқичма-босқич мустаҳкамлаш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда ижтимоий ҳимояталаб кишилар, ногиронлиги бўлган шахсларга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишида аниқ ва мақсадли қадамлар ташланган бўлиб, бунинг натижасида тизим фаолияти бирмунча такомиллаштирилди, амалга оширилган ишларнинг кўлами сезиларли тарзда ортди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Агентлик ишчи-ходимлари қатор ташкилотлар билан елкадош бўлиб, эзгу ғоя, эзгу интилишлар сари бирлашиб, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган кексалар, пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган кишиларга тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш, манзилли хизмат кўрсатиш борасида ҳам кенг кўламли вазифаларни бажаришмоқда.
Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан қурилиш тармоқларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли тиббий-ижтимоий муассасаларда бир йилда амалга оширилган қурилиш реконструкция ишларининг ҳажми 47,6 млрд. сўмдан 91,9 млрд. сўмгача бўлган маблағни ташкил этмоқда.






