Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Жондор туманида Экология ходимлари қонунбузарлар томонидан калтакланганлиги айтилган пост тарқалди. Суратларда калтакланган фуқаро ва оғир жисм билан уриб шикаст етказилган машинани кўриш мумкин.
Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг маълум қилишича, бошқарма давлат инспекторлари А.Ҳасанов, М.Нураллаев, Д.Барноев, Ш.Саломов, З.Бозоров ва бошқарма ҳайдовчиси М.Сайидовлар томонидан 2021 йил 28 январь куни Жондор туманида хизмат вазифасини олиб бораётган вақтда уларга Жондор давлат ўрмон хўжалиги ходимлари ва бошқа бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан тан жароҳати етказилган.
Айни дамда тан жароҳатини олган давлат инспекторларининг аҳволи яхши ва ҳолат юзасидан Жондор туман ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда ҳамда зарар етказилган автомашиналар экспертизадан ўтказиш бўйича ҳамда давлат инспекторлари билан биргаликда воқеа жойини кўздан кечириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, ҳолат юзасидан Бухоро вилоят Прокуратураси ва Бухоро вилоят ИИБсига зудлик билан мурожаат қилинганлиги маълум қилинади.
Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси






