1

Америкалик спортчилар Зика вируси туфайли Бразилия олимпиадасида қатнашмаслиги мумкин

ДУНЁ 08.02.2016, 14:02
Америкалик спортчилар Зика вируси туфайли Бразилия олимпиадасида қатнашмаслиги мумкин

АҚШ халқаро олимпия қўмитасининг спорт федерациясига берган хабарига кўра, соғлигидан хавотирда бўлган америкалик спортчилар Зика вируси юқтирмаслик мақсадида Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган Олимпиада ўйинларида қатнашишдан бош тортиш ҳуқуқига эга, деб хабар беради “Вести” нашри.

Маҳаллий ОАВ берган маълумотга кўра, спортчиларнинг олимпиадада қатнашмасликдан бош тортишга ҳаққи борлиги Америка олимпия қўмитаси аъзоларининг январь ойининг охирида спорт федерацияси раҳбарлари билан бўлган телефон орқали мулоқатида аниқ бўлган.

Қиличбозлик федерацияси президенти Дональд Энтонининг айтишича, барча федерация раҳбарларига агар Бразилияга боришдан хавфсираётган бўлишса, олимпиадада қатнашмасликлари мумкинлиги билдирилган.

Шу кунга қадар дунёнинг 27 мамлакатида Зика вирусини юқтирган одамлар борлиги маълум бўлди. Шимолий Америка, Осиё-Тинч океани ҳудудлари бўлмиш — Барбадосда, Боливияда, Бразилияда, Венесуэлада 20 минг киши, Кабо-Верде, Колумбия, Эквадор ва Сальвадорда,Фиджида, Француз Гвинеясида, Гваделупада, Гватемалада, Гаитида, Гондурасда, Мальдивда, Мартиникада, Мексикада, Янги Каледонияда, Панамада, Парагвайда, Пуэрто-Рикода, Сен-Мартенеда, Самоада, Соломон оролларида,  Суринам ва Тайландда ҳам одамлар Зика вирусини юқтирганликлари аниқланган.

Зика вируси маймунларнинг ўткир инфекцион касаллиги бўлиб, инсонларга пашшалар орқали юқади. Касаллик безгак тарзида кузатилиши мумкин. Бу вирусни юқтирган ҳомиладор аёлларда бўлажак фарзандининг мияси зарарланиб, микроцефалияни юзага келтириши мумкин.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1