1

Хонанда Жасур Умировга суд ҳукми ўқилди

ЖИНОЯТ 02.02.2021, 19:22
Хонанда Жасур Умировга суд ҳукми ўқилди

Бугун, 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида судланувчи Жасур Умировга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Шунингдек, жиноят ишига шерик бўлган А. З., Ш. Қ.ларга ҳам ҳукм ўқилди.

Маълум қилинишича, ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февралдаги ҳукмига кўра:

Ж. У.(Жасур Умиров) Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;  

А. З. Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

Ш. Қ. Жиноят кодексининг 238-моддаси 1-қисми ва 241-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши бўйича судга раислик қилувчи томонидан томонларга, шу жумладан судланувчилар, жабрланувчи ва унинг қонуний вакилига, ҳукм нусхасини олган вақтдан бошлаб йигирма сутка муддат ичида шу суд орқали Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилишга ва протест келтиришга ҳақли эканлиги тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал таниқли эстрада хонандаси Самарқанддаги лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теккани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик, ушбу шахс эстрада хонандаси Жасур Умиров деган тахминлар пайдо бўлиб, ҳолат юзасидан қайта текширув тайинлангани ва жиноят иши очилгани хабар қилинди. Шундан сўнг, ишда тўпланган далиллар асосида Ж.У.га нисбатан 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, суднинг 21.12.2020 йилдаги ажримига асосан хонандага нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва иш судга оширилган эди. 

Мавзуга доир: 

“Айбим бир столда шунақа бузуқлар билан ўтириб қолганим. Тухмат балосини энди кўрдим”. Жасур Умиров вазиятга алоқадорлигига ишора қилиб изоҳ қолдирган.

Жасур Умиров аввал ҳам қамалган эди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1