Аҳолидан табиий газ таъминоти учун ундирилган маблағларни қўлга киритган оилавий корхона раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “S.” оилавий корхонаси раҳбари С.Б. “Yangiariqtumangaz” газ таъминоти бўлимига қарашли бинода шартнома асосида “Paynet” тизими агенти сифатида аҳолидан хизматлар учун тўловларни қабул қилиш фаолиятини йўлга қўйиб, 2020 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида ҳудуддаги 183 та хонадондан табиий газ таъминоти учун қабул қилинган 46,6 млн сўмни, фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан истеъмолчининг шахсий ҳисоб-рақамларига ўтказмасдан фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан С.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






