Айни кунларда истеъмолчиларнинг хонадонларига шубҳали шахсларнинг, аввал ўрнатилган ҳамда АСКУГ тизимини қўллаб-қувватламайдиган маиший газ ҳисоблагичлардаги кўрсаткичларни "орқага қайтариш"ни таклиф қилиб келаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар "Hududgazta'minot" АЖга кела бошлади, дея маълум қилмоқда Жамият Ахборот хизмати.
Шу муносабат билан, истеъмол қилинган табиий газ тўловларидан "тежаш" мақсадида, бундай хатти-ҳаракатларга рози бўлган истеъмолчилар ўз қилмишлари ноқонунийлиги ҳамда бу каби қонунбузарликларнинг салбий оқибатлари тўғрисида огоҳ бўлишлари лозимлиги ҳақида "Hududgazta'minot" АЖ эслатади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли "Электр энергиясидан ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига биноан истеъмолчи табиий газ истеъмол қилиш приборлари, шу жумладан, ўрнатилган муҳрларнинг хавфсизлиги ва яхлитлиги учун жавобгардир. Бундан ташқари, газ таъминоти ташкилоти билан тузилган шартномада ҳам газ ҳисоблагичларнинг ишлашига ташқи таъсир кўрсатган ҳолда, тўсқинлик қилиш таъқиқланиши қайд этилган.
Газ ҳисоблагичларнинг ишлашига ўзбошимчалик билан аралашувлар аниқланмай қолади деган фикр нотўғридир. Чунки, бугунги кундаги газни ҳисобга олиш ва унинг назоратини олиб бориш учун ишлатилаётган замонавий технологиялар орқали ҳисоблагичлар ишига ҳаттоки энг кичик ташқи таъсир излари ҳам аниқланишининг имконини беради. Бундай ҳолатлар аниқланганда, газ таъминоти ташкилотлари томонидан, газдан фойдаланиш учун уланган ускунанинг 24 соат давомида максимал қувват билан ишлагандаги истеъмол қилувчи табиий газ сарфи учун тўлов миқдори ундирилади.
"Hududgazta'minot" АЖ электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузган шахслар жазо сифатида катта миқдордаги жарима ва бошқа санкциялар кўзда тутилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 185-2-моддасига кўра, жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида яна бир бор огоҳлантиради.






