Қозоғистондаги энг бой одамлардан бири, Eurasian Resources Group компаниясининг йирик акциядори 66 ёшли Алижон Ибрагимов вафот этди.
Kabarlar.org маълумотларга кўра, у Бельгия шифохоналаридан бирида даволанган.
Алижон Раҳманович Ибрагимов 1953 йил 5 июнда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида туғилган. Қирғизистоннинг Чуй вилояти, Тўқмоқ шаҳрида ўсиб-улғайган.
1974 йилда Москва ветеренария академиясининг иқтисод йўналишини тамомлаган.
1995 йилдан 2000 йилгача у Эвроосиё банки директорлар кенгашининг раиси бўлган. 2001 йилдан 2007 йилгача у Қозоғистон кон-металлургия саноатининг флагманларини бирлаштирган Эвроосиё саноат ассоциацияси Президиумининг аъзоси бўлган ва 2002 йилдан 2007 йилгача "ТНК Казхром" АЖни бошқарган.
Алижон Рахманович, шунингдек, "Қозоғистон алюминий" АЖ директорлар кенгашига раислик қилади. У бизнесни ривожлантириш ва хайрия тадбирларига қўшган улкан ҳиссаси учун III даражали "Курмет", "Барис", "Парасат" орденлари, ҳукумат мукофотлари ва бошқа мамлакатларнинг жамоат ташкилотларининг орденлари билан тақдирланди.
У йирик тадбиркорлар Александр Машкевич ва Фаттоҳ Шодиевларнинг бизнес ҳамкори эди.
Алижон Ибрагимов 2019 йилда дунёнинг энг бой одамлари рейтингига киритилган. Ўшанда унинг бойлиги 2,3 миллиард долларни ташкил этди.
2020 йил кузида Қозоғистоннинг “Форбес” рўйхатида бешинчи ўринни эгаллади. Унинг бойлиги 900 миллион долларга баҳоланди.






