Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Инспекция томонидан Республика бўйича қамраб олинадиган корхона ва ташкилотлар сони 578 мингтани ташкил этиб, унда банд бўлганлар сони 13 117,5 кишини ташкил этади. Шундан, банд бўлганлар сони саноатда 1 664,7 минг кишини, савдода 1 363,6 минг кишини ва қишлоқ хўжалигида 3 508,7 минг кишини ташкил этади.
Инспекцияга 2020 йил давомида 26 788 та жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушган. Шундан, натижасига кўра 15 389 таси қаноатлантирилган, 10 488 тасига тушунтириш берилган, 638 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган ҳамда 273 таси кўрилмасдан қолдирилган.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2020 йил давомида 19 226 та корхонада 40 081 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган
Қонунбузилишлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда:
- 4 731 та ҳолатда халқ таълими тизимидаги ташкилот ва умумтаълим мактаблари мансабдор шахслари томонидан ўқитувчи ва бошқа ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари бузилган;
- 6 600 та ҳолатда тиббиёт муассасаларида;
- 1 397 та ҳолатда қурилиш соҳасида;
- 986 та ҳолатда қишлоқ хўжалигида;
- 667 та ҳолатда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида;
- 1 094 та ҳолатда саноат корхоналарида;
- 509 та ҳолатда транспорт соҳасида;
- 90 та ҳолатда савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида мансабдор шахслар томонидан ходимларнинг ҳуқуқлари бузилган.






