АсосийJamiyat

Ўқинг ва хулоса қилинг! Ўзбекистон юқори сув танқислиги мавжуд 27 давлатдан 25-ўринда

'Ўқинг ва хулоса қилинг! Ўзбекистон юқори сув танқислиги мавжуд 27 давлатдан 25-ўринда'ning rasmi

Бугунги кунда иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига учрамаган бирор бир мамлакат топилмайди. Бундай муаммолардан бири сифатида ҳар бир инсоннинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи мавжудлиги ва чучук сув захираларининг тобора камайиб бораётганини кўриш мумкин.   

Нафақат иқлим ўзгариши балки аҳоли сонининг ўсиши ичимлик суви истеъмолига бўлган талабни ошишига олиб келмоқда. Дунёда аҳоли сони статистикасиганазар солсак,  1987 йилда аҳоли сони 5 млрд, 1999 йилда 6 млрд, 2011 йилда эса 7 млрд нафарни ташкил этган. Ҳар 1 млрд нафар аҳоли ўсиши учун ўртача 12 йил вақт кетганини кўриш мумкин. Ушбу кўрсаткич сув истеъмолига талаб йилдан йилга ўсаётганини кўрсатади. 

Ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи сув танқислиги шароитида яшаб келмоқда. 2011 йилда 41 мамлакат оғир сув танқислигига учрагани кузатилди. Булардан ўнтаси ҳозирги кунда чучуқ сув манбаларини бутунлай йўқотиб қўйишга яқинлашиб қолган ва ноанъанавий манбаларни ишга солишга мажбурдир. Янада тез содир бўлаётган қурғоқчиликлар ҳамда тобора кучайиб бораётган қумланиш жараёнлари мазкур ҳолатнинг янада оғирлашишига олиб келяпти. 2050 йилга қадар сув захиралари янада камайиб, бутун дунё бўйлаб ҳар бир тўртта инсондан камида биттаси сув танқислигидан азият чекиши башорат қилинмоқда. Шу боис БМТ 2015 йилнинг сентябрь ойида  ўтказилган саммитида 70-сон резолюциясини  қабул қилиб, унда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларини белгилаб олган. Унинг 6 мақсади - Ҳар бир инсоннинг тоза ичимлик суви ва санитария воситаларидан фойдаланиш имкониятини яхшилашдир.

Мамлакатимизда 2030 йилгача бўлган давр мобайнида барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги , улардан оқилона фойдаланишни таъминлашни амалга ошириш  миллий мақсади белгилаб ўтилган. Жумладан, 

- барча учун тоза ичимлик сувидан умумий ва тенг ҳуқуқли фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

- тегишли санитария-гигиена воситаларидан умумий ва тенг ҳуқуқли фойдаланиш имкониятини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий заиф қатлами эҳтиёжларига алоҳида эътибор қаратиш;

- сув муҳитининг ҳар қандай, жумладан, қуруқликдаги фаолият натижасида ифлосланишини сезиларли равишда камайтириш ҳамда оқова сувларни хавфсиз тарзда қайта ишлатиш ҳажмини ошириш;

- иқтисодиётнинг барча секторларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли ошириш;

- барча даражаларда сув ресурсларининг комплекс, шу жумладан, заруратга кўра транс-чегаравий ҳамкорлик асосида бошқарилишини таъминлаш;

- сув билан боғлиқ экотизимлар, шу жумладан, тоғлар, ўрмонлар, сувли-ботқоқли ҳудудлар, дарёлар, сувли қатламлар ва кўлларнинг қўриқланиши ва тикланишини таъминлаш;

- Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сув хўжалиги ва санитарияни яхшилаш ишидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш.

Миллий мақсадларга эришиш ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида Республиканинг 2035 йилга қадар сув таъминоти ва сув чиқарилиши Стратегияси қабул қилинган. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Стратегия республиканининг сув таъминоти ва канализация соҳасида сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратишга қаратилган. Бу эса Ўзбекистонинг мавжуд ресурслар базаси ва рақобатдош устунликларига таянган ҳолда соҳадаги муаммоларни инновацион ечимларини белгилаб беради.

Мамлакатимиз Дунё ресурслари институти (World Resources Institute) томонидан эълон қилинган сув стрессидан азият чекувчи мамлакатлар рейтингида 164 мамлакат орасидан 25-ўринни эгаллади. Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистон юқори сув танқислиги мавжуд 27 давлатдан иборат гуруҳга киритилган. Уларнинг орасида Афғонистон (27-ўрин), Туркия (32-ўрин), Қирғизистон (38-ўрин), Португалия (41-ўрин) ва Италия (44-ўрин) бор. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари Тожикистон ва Қозоғистон 51- ва 60-ўринни эгаллаб, ўртача юқори сув танқислиги мавжуд гуруҳга киритилган. Туркманистон 15-ўринда қайд этилди ва минтақанинг энг кам сувли мамлакати деб топилди. 

Юқоридаги статистика назар ташласак, Марказий Осиёдаги сув захиралари тобора камайиб бораётгани, мамлакатимиз ҳудуди эса юқори сув танқислиги мавжуд давлатлар қаторида турганлиги мавжуд муаммога чуқур ёндашиш зарурлигини англатади.

Ривожланган мамлакатлар ҳозирги кунда сув истеъмол миқдорини аниқлашда виртуал сув атамасини кенг қўллашмоқда. Виртуал сув бу ҳар куни истемол қиладиган озиқ-овқатларни етиштириш учун кетган сувнинг ҳажмидир. Масалан, бир килограмм буғдой етиштириш учун (лалми бўлмаган) минг литрга яқин, бир дона шоколад плиткасини ишлаб чиқариш учун 17 минг литр сув сарфланади. Бу орқали олдиндан ичимлик сув миқдорига бўлган талабни ҳисоблашимиз мумкин бўлади. 

Ўзбекистон ҳудудидан  Сирдарё ва Амударё каби иккита йирик дарёлар оқиб ўтади, шунга қарамай тоза сув танқислигини бошдан кечирмоқда. Ичимлик сувининг етишмаслиги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ. Ривожланган давлатларда меъёрий қоидалар бўйича  киши бошига бир кунлик ўртача сув сарфи 100-120 литр ҳисобланса, мазкур рақамлар Aнглияда 150 литрни, Россияда 250 литрни, мамлакатимизда шахар жойларда 250 литр, олис ҳудудларида эса 100-120 литрни ташкил этади.  Бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб бормоқда. 

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ичимлик сувини исроф бўлишини олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириляпти.  Жумладан, ишлаб чиқариш жараёнида янги сувни тежовчи технологиялар ўрнатиш, тармоқлардаги йўқотишларни олдини олиш мақсадида эски турдаги қувурларни янги турдаги сифатлиқувурларга алмаштириш, жойларда юзага келган сув таъминотидаги узилишларни тез фурсатда бартараф этиш ишлари бажариляпти. 

Сув ўлчагичларни ўрнатиш орқали ичимлик сув ҳисобини аниқ юритилиб, аҳоли томонидан кўрсаткичда  ишлатилган ичимлик суви учун тўлов амалга оширилмоқда. Сув етказиб берувчи насос станцияларида сарф миқдорига қараб энергия тежовчи ва автоматик бошқарув функциялик насослардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар олдидаги маъсулиятни ҳис қилган ҳолда ичимлик сув манбаларини сарфлашни тежаш даркор. Сув фақатгина чанқоқни қондиришигина эмас балки сув орқали санитар-гигиеник ҳолат барқарорлиги таъминланишига эътибор қаратиш пайти келди. Жойларда жамоатчилик назорати орқали ичимлик сувига бўлган муносабатни тўғри йўлга қўйиш ва тарғибот ишларини амалга ошириш лозим.   

 

Рустам Сатторов, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Сув таъминоти ва оқова сув тизими истиқболини белгилаш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи,

Омонжон Абдуллаев, бошқарма етакчи мутахассиси               

    Бошқа янгиликлар